Ўзбекистон президенти 3 июл куни "Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳририни имзолади.
Қонунга кўра, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органи (монополияга қарши орган) ҳисобланади.
Қонунга монополияга қарши комплаенс тушунчаси киритилди. Монополияга қарши комплаенс фаолиятнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг бузилиши хатарларини аниқлаш ва мазкур хатарларнинг олдини олиш бўйича ички ташкилий тартиб-таомиллар тизимидан иборат.
Монополияга қарши комплаенс қуйидагиларда мажбурий тартибда жорий этилади:
- республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларда;
- товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларда;
- охирги 3 йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг ўртача йиллик миқдори БҲМнинг 100 минг бараваридан ошадиган ҳамда устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлатга тегишли бўлган юридик шахсларда;
- охирги 3 йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушумининг ўртача йиллик миқдори БҲМнинг 100 минг бараваридан ошадиган ҳамда устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши 50 фоизни ва ундан ортиқни ташкил этадиган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахсларда;
- юридик шахсларнинг бирлашмаларида.
Қонунда устун мавқени белгилашнинг янги мезонлари киритилди. Унга кўра, муайян бозордаги улуши 40 фоиздан кам бўлмаган ва йиллик даромади 30 БҲМ (9,9 млрд сўм)дан юқори бўлган корхоналар, шунингдек, табиий монополия субъектлари устун мавқега эга субъектлар қаторига қўшилди.
Шу билан бирга, устун музокара кучи институти ҳам киритилиб, унга мувофиқ, устун мавқега эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги устун музокара кучи деб эътироф этилади.

















