Шоҳсанам Давлатбоева 1998 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 2021 йилда Ўзбекистон Миллий университети биология йўналишини тамомлаб, Erasmus Mundus қўшма магистратура дастурининг тўлиқ гранти асосида аввалига Венгриянинг “Hungarian University of Agriculture and life” ( Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлари) университети, ҳозирда эса Италиянинг “University of Milan” университетида магистратурада ўқиб келмоқда.

– Дастлаб хорижга магистратурага топшириш фикри қаердан пайдо бўлган? Айни вақт таҳсил олаётган ОТМ ҳақида гапириб бероласизми?

– Ҳозирда (Италиянинг Милан университетида) ўсимлик биотехнологияси йўналишида магистратурада ўқийман. Болаликдан табиий фанларга бўлган қизиқишим юқори бўлган. Мактабда кимё, биология фанларидан турли мусобақаларда қатнашиб юрардим. Кейинроқ мазкур фанларни чуқурроқ ўзлаштиришда давом этдим. Аввалига Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга киришни мақсад қилган бўлсам ҳам, тақдир мени Ўзбекистон Миллий университетининг биология факультетига олиб келди. Бакалавриатнинг биринчи босқичиданоқ биотехнология йўналишига қизиқишим юқори бўлган.

Ўқишим давомида турли илмий-тадқиқот марказларида ишлаб юрганман. Биттаси Илғор технологиялар маркази бўлган. Шу каби марказларда ишлаётган олимларни, улар қилаётган ишларни кўриб менда соҳага бўлган қизиқиш янаям ортган. Яъни биология соҳасидаги олимлар дунёга ҳақиқатан ҳам катта ҳисса қўшиши, умуман дунёни ўзгартириши мумкин. Мана шулардан кейин тўртинчи босқичда ўқиб юрган вақтларимда Erasmus Mundus дастурига ҳужжатларимни топширганман ва бакалавриатни тамомламай туриб магистратурага тўлиқ грант асосида қабул қилинганман. 2021 йилнинг кузидан Венгрия давлатида магистратурани хорижда ўқишни бошлаганман.

Ҳозирда ўқишимни Италиянинг Милан шаҳрида давом эттиряпман. Магистрлик тезиси (диссертация) ёзиш билан бандман.

– Шу ўринда Erasmus Mundus гранти ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб кетоласизми?

– Erasmus Mundus гранти харажатлари Европа Иттифоқи томонидан қопланади. Бу талабалар учун жуда яхши имкониятларни тақдим қилувчи дастур ҳисобланади. Чунки бунда талабгорлар бир қанча илғор университетларда ўқиши, у ердаги билимлардан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, бундай шароит талабага нафақат илм томондан фойда беради, балки турли давлатларда яшаб, миллат ва маданиятларни кўриш инсоннинг шахсий ривожланиши учун ҳам жуда яхши.

Erasmus Mundus дастурида тўлиқ грант берилади. Ҳаттоки, парвоз, виза, яшаш, еб-ичиш, кийиниш, саёҳат – умуман Европадаги барча харажатларни қоплаб беришади.