“Куни кеча ўтказган матбуот анжуманимиздан сўнг сайлов иштирокчиларидан қонунбузилиши ҳолати мавжудлигини текшириб кўриш учун жами 5 та хабар ва мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари ҳисобига тўғри келди.

Айтиб ўтишим керак, уларнинг барчаси фуқароларнинг прокуратура органларидаги 1007 рақамли ишонч телефонига қилган мурожаатлари ҳисобланади. Ўрганишлар натижасида қайд этилган ҳолатларнинг 1 таси ўз тасдиғини топмаган бўлса, қолган 4 таси бўйича мурожаат этган фуқарога тушунтириш берилди.

Албатта, ушбу мурожаатлар тезкор кўриб чиқилиб, барча масалалар жойида ҳал этилди. Шу ўринда, ушбу фуқароларимизга ҳам фаоллиги учун алоҳида миннатдорчилик билдирамиз”, дея Шоҳрух Аминовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош прокуратура мулозимига кўра, сиёсий тадбирда қонун устуворлигини таъминлаш учун 3 мингга яқин ходимларимиз сафарбар этилган, 218 нафар алоҳида тайёрланган ходимлардан таркиб топган Бош прокуратура ва ҳудудий прокуратуралардаги Ишчи гуруҳлар тизимли равишда иш олиб борган.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Хусусан, сайловга доир маълумотларни мониторинг қилиш ва қонунбузилиши ҳолатларини аниқлашга қаратилган тадбирлар доирасида Интернет бутунжаҳон ахборот тизими ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган 1100 дан ортиқ хабарлар ўрганилди, оммавий ахборот воситаларининг маълумотлари синчковлик билан кузатиб борилган.

Халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилиб, маълумотлар узлуксиз алмашилган. Марказий сайлов комиссияси ва бошқа мутасадди идоралар билан тезкор мулоқот ўрнатилиб, ўзаро ахборот алмашинуви амалга оширилган. Шунингдек, прокуратура органларининг барча бўғинларида ташкил этилган 24 соатлик узлуксиз навбатчиликда 500 га яқин ходимлар хизмат олиб борган. Ҳудудлардаги вазият ҳақида реал вақт режимида ахборотлар олиб турилган.

“Таъкидламоқчиманки, кузатувчилар, партия вакиллари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларидан ҳам эътирозлар келиб тушмади. Ҳозирга қадар ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, сайлов жараёнида жиддий қонунбузилишларга йўл қўйилганлиги аниқланмади.

Таҳлилларимиз, назорат тадбирлари, кузатув ва мониторингларимиздан келиб чиқиб, сайловда қонунийлик тўлақонли таъминланди, деб ҳисоблашга барча асосларимиз бор. Албатта, сайловда қонунийлик юқори даражада таъминланишига бир қатор омиллар ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди.