Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов 4 июл куни Украина қуролли кучлари қарши ҳужумнинг ҳозирги босқичида рақибнинг жонли кучи ва техникаларини йўқ қилишга урғу қаратгани, ҳудудлар озод этилиши эса РФ қуролли кучлари ҳолдан тойиши ортидан рўй беришини айтганди. Кўпчилик буни қарши ҳужум «стратегияси ўзгариши» сифатида қабул қилди, бошқа украин сиёсатчилари амалиёт олдиндан шундай ўйланганини таъкидламоқда.

Аммо агар стратегия ўзгармаган бўлса ҳам, Украина қуролли кучлари тактикаси ўзгартирилгани кўриниб турибди: июн ойи бошида украин армияси Россия мудофаа линиясини зирҳли танк бўлинмалари билан ёриб ўтишга уринаётганди, ойнинг иккинчи ярмидан эса Россиянинг фронт орти ҳудудларига зарбалар беришга ҳамда РФ қуролли кучларининг мустаҳкамланган пунктларини артиллерия томонидан қўллаб-қувватланаётган пиёдалар отрядлари билан штурм қилишга эътибор қаратилмоқда. Сўнгги кунларнинг ўзида Россиянинг фронт чизиғига энг яқин жойлашган ўқ-дори омборхоналари, артиллерия, ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радиоэлектрон кураш тизимларига зарбалар берилгани акс этган юздан ошиқ видеолар намойиш этилди.

РФ қуролли кучлари ҳам шундай жавоб бермоқда: украинларнинг фронт ортига зарбалар июн ойи бошидан буён давом этмоқда. Энди бунга Россия қисмларининг ҳам фронтнинг турли участкаларида амалга ошираётган кичик ҳужумлари қўшилган — бундан мақсад украин захиралари мамлакат жанубидаги ва Бахмут атрофидаги асосий зарба йўналишларига юборилишининг олдини олиш ҳисобланади.

Бахмут

  • Ҳозирда ҳар икки томоннинг ҳам Бахмут фронтидаги қанотларда жамланган кучлари сон жиҳатдан мамлакат жанубида жанг қилаётган тузилмалардан кўпроқ. Украина қуролли кучлари бу ерда май ойидан буён россияликларнинг позицияларига ҳужум қилмоқда, аммо фақат июл ойи бошига келиб Бахмутдан жанубда Россия мудофаасининг муҳим нуқтасига етиб келди. Гап Клешчиевка қишлоғидан ғарбдаги тепаликлар ҳақида бормқода, бу ерда Украина қуролли кучлари Россиянинг кенг кўламли босқинига қадар катта истеҳкомлар барпо этганди. 2022 йил декабрида бу позициялар «Вагнер» ХҲК кучлари томонидан эгалланди, бу эса Бахмутнинг жанубий ҳудудлари тезда қулашига олиб келди. Энди украин кучлари бу позицияларни қайтаришга ҳаракат қилмоқда. 9 июл куни Украина қуролли кучлари ушбу мустаҳкамланган ҳудуд яқинида ҳужумга ўтгани акс этган видео пайдо бўлганди; унинг натижаси ҳозирча номаълум.
  • Клешчиевка ва унинг атрофидаги тепаликлар озод қилинса, Украина қуролли кучлари Бахмутни жанубдан ўраб олишга ва РФ қуролли кучларининг Бахмутдаги гуруҳи таъминоти амалга ошириладиган Ҳорливка ва Попаснаяга олиб борувчи йўлни тўсиб қўйишга муваффақ бўлади.