Ўзбекистон | 08:43 / 12.07.2023
2103
2 дақиқада ўқилади

Президент махсус вакили Женевада ЖСТга аъзо бўлишни жадаллаштириш масаласини муҳокама қилди

Жорий йилнинг 3-7 июль кунлари Ўзбекистон президентининг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бўйича махсус вакили, бош музокарачи Азиз Ўрунов ва қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Аҳад Ҳайдаров Женевага ташриф буюрди.

Фото: Dunyo

Мамлакатнинг Женевадаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхонаси маълумотига кўра, ташриф ташкилотга аъзо давлатларни Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнларини фаоллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижалари билан таништириш, Озарбойжоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳи 15-йиғилишида иштирок этиш мақсадида ташкил этилди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси ЖСТ бош директори Нгози Оконжо–Ивеала, унинг ўринбосари Сянчэнь Чжан билан учрашди. Лотин Америкаси, Осиё-Тинч океани минтақаси, Европа ва араб дунёсининг айрим мамлакатлари билан товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича қатор икки томонлама музокаралар ўтказилди.

Нгози Оконжо–Ивеала ЖСТ ташкилотга аъзо давлатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама музокараларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонга техник кўмакни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Шу нуқтайи назардан, томонлар бир қатор халқаро маслаҳатчилардан эксперт ёрдамини жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилди.

Ташриф давомида делегация ЖСТ котибияти билан биргаликда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳи 7-йиғилишини шартли равишда 2023 йил сентябр-октябр ойларида ўтказиш учун барча фундаментал ҳужжатлар тўпламини тайёрлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид