Жаҳон | 11:12 / 13.07.2023
10445
3 дақиқада ўқилади

«Проект» Пригожин ва унинг исёни ҳақидаги суриштирувини эълон қилди

«Вагнер» ХҲК эгасига яқин манбага кўра, Пригожин воқеани «жазавага тушиш» сўзлари билан изоҳлаган. Бироқ, тайёргарлик чоралари тасодифий ҳаракат версиясига шубҳа туғдиради.

Фото: ТАСС

12 июль, чоршанба куни «Проект» нашри «Вагнер» ХҲК эгаси Евгений Пригожиннинг «жиноий ва психологик портрети»ни эълон қилди. «Ўнлаб йиллар давомида шафқатсиз, назоратсиз Пригожин давлатнинг кўплаб қонунларини бузди ва бунинг учун ҳеч қандай жазога тортилмади», – деб ёзади муаллифлар унинг ўнлаб танишлари ва ходимларига таяниб.

Журналистлар Пригожин томонидан уюштирилган исён қандай содир бўлганини таҳлил қилишга уриниб кўрди. «Кремл ошпази» билан узоқ вақт ишлаганларнинг фикрича, унинг сўнгги пайтлардаги хатти-ҳаракатларига касаллик оқибатлари сабаб бўлган – у узоқ вақт давомида қорин бўшлиғи саратонидан даволанган ва жиддий терапиядан ўтган, дея таъкидлайди нашр. «Бу одамнинг қорни ва ичаклари кесилган!» – дея Пригожиннинг ходимларидан бири нима учун у қуролли исён каби радикал қадам ташлаганини тушунтириш сўровига шундай муносабат билдирди.

«Проект» суҳбатдошлари, хусусан, содир бўлган воқеаларни унинг импульсив табиати билан боғлашга мойиллигини айтди. «Вагнер» ХҲК эгасига яқин манбага кўра, Пригожин ўзининг яқин ҳамкорларига воқеани «жазавага тушиш» сўзлари билан тушунтирган. Аммо бу версияда ҳамма нарса унчалик оддий эмас, дейди тадқиқот муаллифлари.

Расмий сабаб – Мудофаа вазирлигининг 10 июнь куни «Вагнер» жангчилари Россия армияси билан шартнома имзолаши кераклиги ҳақидаги баёноти бўлди. Шу билан бирга, Пригожин ҳамда Шойгу ва Россия ҳарбий идораси ўртасидаги зиддият Украинадаги урушдан анча олдин бошланган. Бу «камида 2017 йилдан бери» давом этмоқда, деб ёзади «Проект».

«Пригожин Шойгу ва унинг генералларини 2017 йилда Сурия Палмирасига иккинчи ҳужумда барча ютуқларни қўлга киритганини кечира олмади, аммо унда «Вагнер» ХҲК ҳам иштирок этганди. Шундан сўнг тўқнашувлар вақти-вақти билан такрорланиб турди, 2021 йилда Пригожин ҳатто Шойгу музокаралар учун юборган генераллардан бирини ургани ҳақида гап-сўзлар тарқалган».

Мавзуга оид