Мамлакатнинг энг чўллашган ҳудудларидан бири - Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги Комилжон Отаниёзов номли дам олиш ва истироҳат боғида манзарали дарахтлар кесилмоқда. Таҳририятга етиб келган маълумотларга кўра бунга масъуллар етарлича эътибор бермаяпти. Дарахтларнинг кесилишига у ерда қурилиш ишлари олиб борилиши сабаб бўлмоқда.


Жумладан, 9 июль куни ўзларини тадбиркор деб таништирган фуқаролар томонидан боғ ҳудудидаги бир нечта катта, манзарали дарахт кесиб ташланган. Ўзбекистон Экологик партиясига кўра, маҳалла фуқаролари томонидан ўтказилган жамоатчилик назорати пайтида мазкур шахслар ҳаракати тўхтатилган. Дарахтларни кесганлар бунга туман ҳокими томонидан оғзаки рухсат берилганини билдиришган.

Маълум бўлишича, мазкур истироҳат боғи Шовот тумани ободонлаштириш бошқармаси тасарруфида. Хоразм вилояти Экология бошқармаси томонидан боғда 3471 дона манзарали дарахт хатловдан ўтказилган. Бошқарма бошлиғи унга мурожаат қилган фуқароларга жавобан боғдаги дарахтларни муҳофаза қилиш бўйича Шовот тумани ободонлаштириш бошқармасига огоҳлантириш хати берилганини маълум қилган. Бироқ дарахтларни кесиш ишлари тўхтамаган.

Аслида истироҳат боғидаги қурилиш ишлари халқ депутатлари Шовот туман кенгашининг 2023 йил 21 февралдаги қарори билан бошланган. Мазкур қарор иловасининг 10-бандида Комилжон Отаниёзов номли истироҳат боғида йил давомида 14 та аттракцион ўрнатиш ҳамда 10 та кўчма савдо шохобчаларини жойлаштириш учун ер майдонини аукционга чиқариш белгиланган.

Ҳудуд фаоллари ушбу қарордан сўнг кўчма савдо шохобчалари эмас, қурилиш ишлари бошланиб кетганини таъкидлашмоқда. Уларга кўра, дарахт ўстириш қийин бўлган ҳудуддаги истироҳат боғида қурилиш ишлари сабаб яшиллик йил сайин камайиб боряпти.




















