Ўзбекистон | 14:23 / 14.07.2023
35211
2 дақиқада ўқилади

Сўнгги 5 йилда 11 киши умрбод озодликдан маҳрум қилинди – Олий суд

Ўзбекистон Жиноят кодексида бу турдаги жазо фақат 2 турдаги ўта оғир жиноятлар учунгина қўлланади. 

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Олий суди республика бўйлаб Жиноят ишлари бўйича судларнинг 2018-2022 йиллар ҳамда 2023 йил биринчи чораги фаолиятига доир айрим кўрсаткичларни очиқлади.

Маълум бўлишича, 2019 йил бошидан 2023 йил март ойига қадар жами 11 кишига Ўзбекистон Жиноят кодексидаги энг оғир жазо – умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Ҳудудлар миқёсида 5 нафар Тошкент вилоятидан, Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятларидан 2 нафардан, шунингдек Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидан 1 нафардан шахс умрбод озодликдан маҳрум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинган ҳамда унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилган.

Бугунги кунда Жиноят кодексида фақат 2 та модда: жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми) ва терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Шунингдек, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси – аёлга, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга ва олтмиш ёшдан ошган эркакка нисбатан тайинланиши мумкин эмас.

Мавзуга оид