Жаҳон | 08:47 / 18.07.2023
5583
2 дақиқада ўқилади

Қримдан чиқаверишда кўп километрлик тирбандлик юзага келди

Қримдан чиқишда Қрим кўпригидаги портлашдан сўнг катта тирбандликлар юзага келди. Россия ҳукумати сайёҳларга Украинанинг вақтинча эгаллаб олинган ҳудудлари орқали яриморолни тарк этишни тавсия қилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қримдан Херсон вилоятига олиб борувчи йўлларда Қрим кўпригида содир бўлган портлашлар ва ундаги транспорт ҳаракати тўсиб қўйилгани сабабли узунлиги олти километргача бўлган тирбандликлар юзага келди, деб хабар берди РИА «Новости» мухбири 17 июль, душанба куни. Қримдан Краснодар ўлкасига паром ўтиш йўлидан фойдаланмоқчи бўлганлар ҳам бир неча соат навбат кутишга мажбур, деб хабар бермоқда «Агентство.Новости».

Россия Транспорт вазирлиги душанба куни ўз сайтида паромларда фақат юк машиналари ва автобуслар ҳаракатланишини маълум қилди. Краснодар ўлкасидан Қримга боришни истаганларга идора шахсий автомобилларини Тамандаги автотураргоҳда қолдириб, яриморолга поездда боришни таклиф қилди. 

Қримга автомашинада бориш ёки ундан чиқиб кетиш истагида бўлган сайёҳларга Россия Транспорт вазирлиги томонидан Украинанинг вақтинча эгаллаб олинган ҳудудлари орқали қуруқликдаги йўналиш таклиф қилинган. Шу мақсадда Херсон, Запорижжя ва Донецк вилоятлари «ҳокимияти» Қримдан Ростов вилоятига Чонгар, Армянск, Новоалексеевка ва Мелитопол орқали олиб борувчи тегишли йўналишларда комендантлик соати бекор қилинганини билдирди, деб хабар берди «Дождь» телеканали.

Қрим кўпригида портлашлар содир бўлгани ҳақида Россия ва Украина оммавий ахборот воситалари ҳамда Telegram-каналлари 17 июль, душанба куни эрта тонгда хабар берди. Кўприк транспорт ҳаракати учун ёпилган. Кейинроқ Миллий аксилтеррор қўмитаси Қрим кўпригига Украина сувусти дронлари томонидан ҳужум қилингани ҳақида хабар берди. «Соат 03:05да Украинанинг иккита учувчисиз сувусти аппарати Қрим кўпригига ҳужум қилди. Натижада Қрим кўпригининг йўл қисми шикастланган», - дея қўмита баёнотидан иқтибос келтирган «Интерфакс». 

Мавзуга оид