То 2017 йилгача амалда бўлган валюта конвертацияси билан боғлиқ чекловлар туфайли Ўзбекистон узоқ йиллар халқаро савдо учун ёпиқ мамлакатга айланганди. 90-йилларда Марказий банкда ишлаган иқтисодчи Комилжон Акрамовнинг айтишича, конвертациянинг ёпилиши – давлат ўша вақтдаги иқтисодий муаммолар ечими сифатида ХВЖнинг қаршилигига қарамай пул чоп қилишга қарор қилиши ортидан рўй берган.

Иқтисодчи олим, Халқаро озиқ-овқат муаммоларини ўрганиш институти (IFPRI) катта илмий ходими Комилжон Акрамов иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатда Ўзбекистондаги озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва истеъмол муаммолари, зарур маълумотларни топишнинг қийинлиги, ўтган асрнинг 90-йилларида Ўзбекистон иқтисодиётидаги жиддий хатолар ҳақида тўхталиб ўтди.

Очарчилик муаммоси: тарих ва бугун

Ўтган асрнинг 70-йилларида очарчилик катта муаммо бўлган. Айниқса, колланиал тузум тугаганидан кейин, Жанубий Осиёда яъни Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Непал ва Шри-Ланка каби давлатларда бу жиҳат жуда долзарб ҳисобланган. Кейинчалик “Яшил инқилоб” содир бўлиб, буғдой, маккажўхори каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг янги навларини экиш ва етиштириш бошланади. Бунинг натижасида унумдорлик ошади. Шу жиҳатдан, очарчилик муаммоси кўп мамлакатларда ўз ечимини топди.

Ҳозирда иқлим ўзгариши ва урушлар туфайли Сомали, Эфиопия ёки Судан каби давлатларда очарчилик локал муаммо сифатида бор, лекин глобал миқёсида катта муаммо сифатида кўрилмайди.

Битта инсон кунига 2200-2250 ккал истеъмол қилиши керак, лекин бу калорияни фақат нон ёки шакар истеъмол қилиб ҳам олиш мумкин. Аммо инсон яшаши учун фақат калориянинг ўзи етарли эмас, бир қанча турдаги витаминлар ҳам керак бўлади. Бугунги кунда сифатли овқатланиш соҳадаги асосий муаммо ҳисобланади. Илмий тилда бу яширин очлик (hidden hunger) дейилади.

Комилжон Акрамов
Фото: YouTube

Нотўғри овқатланиш сабаблари

Нотўғри овқатланишга бир томондан иқтисодий жиҳатдан имкониятнинг етишмаслиги, иккинчи томондан етарли даражада маълумотга эга эмаслик сабаб бўлиши мумкин. Масалан, Ўзбекистонга ўхшаган камбағал мамлакатларда пул етишмаслиги ахборот етишмаслигига қараганда каттароқ масала. АҚШга ўхшаган ривожланган Ғарб мамлакатларида эса, бу борадаги асосий муаммо одамларда тўғри овқатланиш бўйича билим ва кўникманинг камлигидир.