Иқтисодиёт | 11:58 / 21.07.2023
28897
2 дақиқада ўқилади

Долларнинг мустаҳкамланиши ривожланаётган мамлакатларга босимни оширди - ХВЖ

АҚШ валютасининг 10 фоизга ўсиши ривожланаётган мамлакатлар ялпи ички маҳсулотини бир йилда 1,9 фоизга қисқартиради.

Фото: Марина Мамонтова, Коммерсантъ

2022 йилда долларнинг реал самарали айирбошлаш курси мустаҳкамланиши ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётига босимнинг кучайишига олиб келди, деб ёзади «Коммерсант» Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ҳисоботига таяниб.

Ҳужжатда доллар мустаҳкамланишининг ривожланаётган мамлакатларга таъсири таҳлил қилинган. 2022 йилда АҚШ валютасининг 8 фоизга қимматлашиши унинг 2002 йилдан буён энг кучли айирбошлаш курсини таъминлади, шунингдек, капиталнинг ривожланаётган бозорлардан ривожланган бозорларга чиқиб кетишига сабаб бўлди.

Мустаҳкамланишнинг сабаби Федерал захира тизими асосий ставкаси ошиши ва инвесторлар орасида риск бўйича хатарлар пасайиши бўлди. Натижада, бу жорий ҳисоб баланси бузилишининг кучайишига олиб келди.

Ўртача 10 фоизга мустаҳкамланган доллар бир йилда ривожланаётган мамлакатлар ялпи ички маҳсулотини 1,9 фоизга камайтиради. ХВЖнинг қайд этишича, иқтисодий таназзул икки ярим йилдан бери давом этмоқда.

Ривожланган мамлакатлар савдо ва инвестициялар реал ҳажмининг кичикроқ қисқариши туфайли АҚШ валютаси мустаҳкамланишининг салбий таъсирига камроқ дучор бўлмоқда. Мисол учун, бундай мамлакатларда ялпи ички маҳсулот ҳар чоракдан кейин 0,6 фоизга камайяпти ва бир йил ичида кучли долларнинг таъсири ўзини намоён қилишни тўхтатади.

Жамғарма 2023 йилда номутаносибликлар камайиб, ривожланаётган бозорлардан капитал оқиб чиқиб кетиши қисқаришини кутмоқда.

Бундан ташқари, мослашувчан миллий валютага эга ва инфляция кутилмалари яхши шаклланган мамлакатлар бундай зарбаларга бардош бера олади. Бундай мамлакатларда марказий банклар мослашувчан пул-кредит сиёсатини юритиш имкониятига эга бўлади.

Мавзуга оид