Ўзбекистон | 12:04 / 22.07.2023
4977
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Ўзбекистонга Боку порти инфратузилмасини ижарага олишни таклиф қилди

Тошкент Боку орқали ташқи савдо юк ташиш ҳажмини 1,5 миллион тоннагача оширишни режалаштирмоқда.

Фото: Транспорт вазирлиги

Озарбойжон Ўзбекистонга Боку денгиз порти инфратузилмасини узоқ муддатли ижарага олишни таклиф қилди, деб хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Озарбойжоннинг Шуша шаҳрида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 12-мажлиси чоғида Озарбойжон ва Ўзбекистон транзит юк ташиш ҳажмини ошириш истиқболларини муҳокама қилди. 

Озарбойжон Ўзбекистонга Боку халқаро денгиз савдо порти инфратузилмасини имтиёзли шартларда узоқ муддатли ижарага олиш бўйича таклиф киритди.

Томонлар, шунингдек, Ўрта йўлак бўйлаб ўз ҳудудларида тўсиқларни бартараф этишга келишиб олди. Жорий йилда Ўзбекистон экспорт-импорт юкларини Озарбойжон ҳудуди орқали ташиш ҳажми 1,5 миллион тоннага етказилади.

Июнь ойида транспорт вазири ўринбосари Абдусамад Мўминова Боку денгиз порти орқали шакар ва бошқа товарлар импортини ошириш режалари билан ўртоқлашганди. Жорий йилда Ўзбекистон унинг инфратузилмасидан шакар импорти учун фойдаланишни режалаштирмоқда, у 300 минг тоннани ташкил этади. Шу мақсадда Озарбойжонга шакар юклаш учун 100та вагон жўнатилди.

Мавзуга оид