Бугун, 21 июл куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан бош вазир Абдулла Арипов Тошкент шаҳрида «Aziya Invest Favorit» МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уй-жойлардаги хонадонларни фуқароларга сотилиши юзасидан келиб чиққан низоли вазият қатнашчиларини қабул қилди.

Сайёр қабулда мазкур масалани ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тузилган Ҳукумат комиссияси томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

«Мурожаатларинг бўйича фармойиш чиқарганман, биласизлар. Кеча “командировка”дан келдим, 4 кун бўлмаганман. Ўринбосарим Раматов бошчилигида комиссия қилганман. У ерда адлия, молия, қурилиш вазирлиги ҳамма мутасадди идоралардан вакиллар бор.

Олдин битта нарсани гаплашиб олайлик. Ҳеч қайсингларга давлат мана шу ердан уй олинглар деб қўлларингдан етаклаб олиб боргани йўқ, тўғрими?! У одам ўзи [ер] олиб, [қурилиш] қиляпти, тадбиркор у. Ҳали қочиб кетгани йўқ, биз уни қамаганимиз йўқ. Агар сизлар тўполон қилаверсанглар, уни қамаб қўямиз, у [сизлардан олган] пулларни тўлай олмайди, уйни ҳам қуриб битказмайди. Сизларга уй керак, тўғрими?!

Ҳаммасини қонуний қилиб ҳал қилиб берамиз. Ҳаммангларнинг олдиларингда ваъда беряпман. Олтиш иккига чиққанман, Тошкентда туғилганман, бирор одам мени ёлғон гапириб кетди, лафзига жавоб беролмади деб айблай олмайди. Ўзбекистонда ҳам, ташқарида ҳам.

Сизларнинг олдингларга мени ҳурматли президентимиз юбордилар. Орқангларда нафақат биз – бош вазир, шаҳар прокурори, қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари ва бошқалар, балки президент турибди. Шунинг учун қўрқманглар. Мен сизлар билан алоҳида ўтириб, бирма-бир гаплашиб ҳаммасини ҳал қиламиз», деган бош вазир.

У шундан кейин мурожаатчиларга ечимларни таклиф этган.

«Лекин мен сизларга “Уч кунда, бир ҳафтада ёки бир ойда ҳал қилиб бераман” деб ваъда бермайман. Лекин кетма-кет ҳамма масалага ечим топамиз. Кўчада қолиб кетмайсизлар. Уйнинг пулини тўлаганларга ё тўлаган пулини қайтариб олиб берамиз ёки уй қурдириб берамиз.

Уй нархининг 50 фоизини тўлаганларга пулини қайтариб олиб берамиз. Қўшимча тўлов қилиш масаласи кўриб чиқилади. Агар қурилиш материаллари қимматлашиб, нарх-наво индексация бўлган бўлса, унда уй олиш учун индексацияланган қийматда тўлов қиласизлар. Етмиш-саксон фоиз тўлов қилганлар ҳам қолган пулни шу тахлитда тўлайди.

Биз бошқа қурувчини олиб келамиз. Ҳозирги қурувчи бу уйларни қуриб беролмайди. Уй учун юз фоиз тўлов қилганларнинг пулини унинг ҳисобидан ундириб оламиз. Бошқа қурувчи уйларни қуриб битказгач, харажатларини ҳисоб-китоб қилиб нарх чиқаради. У қурувчига бошқача компенсация қилдириб бераман қилган ишларини. Биз сизлардан бир сўм фойда қилмаймиз. Ваъда бераман бунга. Шу боис ҳам Президентимиз тушунтир уларга деб мени ёнларингга юборди», деган ҳукумат раҳбари.