Инсайдер Жанлука Ди Марцио хабарига кўра, ўзбекистонлик 28 ёшли футболчи душанба куни «Кальяри»да тиббий кўрикдан ўтган.
«Янги чақирувга тайёрманми? Албатта! «Кальяри»га ўтаётганимдан жуда ҳам хурсандман», - дея Элдор Шомуродовнинг сўзларини келтирган Ди Марцио.
«Рома»га Шомуродовнинг бир йиллик ижараси учун 1 миллион евро тўланади ва 2024 йилнинг ёзида «Кальяри» Элдорни 9 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Томонлар «1+3» шаклида шартнома имзолайди. Ўзбекистонлик форварднинг ижара муддати давомидаги маошининг 50 фоизини «Кальяри» тўласа, қолган ярмини Рим клуби тўлашда давом этади.
Аввалроқ, Шомуродовнинг «Рома»даги йиллик маоши 2 миллион еврони ташкил этиши ҳақида хабарлар тарқалганди.
Эслатиб ўтамиз, италиялик 71 ёшли таниқли мутахассис Клаудио Раньери январь ойида «Кальяри» бош мураббийига айлангач, B Серияда 14-ўринда бораётган клубни ярим йил ичида пешқадамлар сафига кўтариб, мавсум якунида плей-офф орқали А Серияга олиб чиқишга муваффақ бўлди.

















