14:40 / 26.07.2023
14972

Внуковода олмосларни ички кийимига яшириб олиб киришга уринган ўзбекистонлик қўлга олинди

БААдан Москвага учиб борган ушбу шахснинг ичкийимидан 62 дона бриллиант топилган.

Фото: customs.gov.ru

Москванинг Внуково аэропортига учиб келган Ўзбекистон фуқаросининг ички кийимидан қимматбаҳо тошлар топилди. Бу ҳақда Россия Федерал божхона хизмати матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, божхоначилар БААдан учиб келган 39 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг багажини сканерлаш чоғида кўплаб электрон қурилмаларни ва қимматбаҳо тошлар учун 40 та сертификатни топиб олишган. Бироқ юклар орасида қимматбаҳо тошларнинг ўзи кўзга ташланмаган.

“Божхона назоратидан яширилган маҳсулотларни ихтиёрий равишда топшириш таклифига эркак бундай маҳсулотлар мавжуд эмас дея жавоб берган. Бироқ у тинтиб кўрилганда ички кийимида шаффоф ва кўк рангдаги 62 та йирик тош беркитилган ўғри чўнтак борлиги аниқланади. Қимматбаҳо тошлар учта полиэтилен пакетга ўралиб скотчланган”, — дея хабар бермоқда Россия Федерал божхона хизмати.

Қонунбузар БААнинг йирик авиакомпанияларидан бирининг ходими экани, Москвага қариндошларини кўриш учун учиб келганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, олмосларни қариндошларига совға сифатида олиб келган ва уларнинг қиймати 17 минг доллардан ошмайди. Текширув давомида барча тошларнинг олмос экани тасдиқланган.

Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Ўзбекистон фуқароси суд томонидан айбдор деб топилгудек бўлса, у 7 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бундан ташқари, экспертиза йўловчининг юклари орасидан топилган электрон қурилмаларни шахсий фойдаланиш учун мўлжалланмаган янги товарлар деб топгудек бўлса, у ҳолда қонунбузар божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлагани учун ҳам жазога тортилади.

“Айни пайтда суд қарори билан Ўзбекистон фуқаросига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси тайинланган”, – дейилади расмий хабарда.

Аввалроқ россиялик божхоначилар Африкадан Европа давлатлари орқали Ўзбекистонга жўнатилган бананлар орасидан қиймати 5,3 млн долларни ташкил этувчи 50 кг кокаин топишганди.

Top