Жаҳон | 12:12 / 29.07.2023
7976
2 дақиқада ўқилади

Немис сиёсатчилари Германияни Украинага қанотли ракеталар етказиб беришга чақирди

Германиялик сиёсатчилар немис қанотли ракеталарини Украинага етказиб беришга чақиришди. 

Фото: thedrive

Германия ҳукумати Киевни «зудлик билан» Taurus типидаги қанотли ракеталар билан таъминлаши керак, деди мухолифатдаги Христиан-демократик иттифоқдан (ХДИ) Бундестаг депутати Родерих Кизеветтер Welt am Sonntag нашрига берган интервьюсида

Унинг қайд этишича, Бундесвер 600 та Taurus тизими билан қуролланган, улардан 450 га яқини жанговар ҳаракатларда фойдаланишга тайёр эмас, лекин MBDA томонидан янгиланиб, Украинага жўнатишга тайёрланиши мумкин.

Ўз навбатида, Эркин демократик партия (ЭДП) ҳукмрон коалициясининг эксперти Маркус Фабер Украина томонидан Буюк Британиядан етказиб берилган қанотли ракеталардан муваффақиятли фойдаланилганига ишора қилди. 

Унинг сўзларига кўра, бу қуролнинг ушбу тури қанчалик муҳим эканидан далолат беради. 

Украина ҳарбийлари артиллерия отишмалари пайтда Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ўқ-дорилардан ҳам фойдаланмоқда, деб ёзганди аввалроқ Financial Times Украина қуролли кучлари раҳбарияти ва ҳарбий хизматчиларига таяниб. 

FT журналистлари Бахмут ҳудудида КХДРдан келган ўқ-дорилар қўлланганини қайд этган. Шу билан бирга, артиллериячилар снарядларни танқид қилиб, журналистларни отиш вақтида «Град» ракета мосламасидан узоқроқ туриш ҳақида огоҳлантирди, чунки снарядлар «жуда ишончсиз ва баъзида ақлдан оздирувчи ишлар қилади», деб ёзади FT. 

Белгиларга кўра, улар 1980-1990-йилларда ишлаб чиқарилган. Украина ҳарбийларининг таъкидлашича, ўқ-дорилар кўпинча нотўғри ишлайди ёки портламайди, бироқ улардан снарядлар етишмаслиги сабабли ҳамон фойдаланиляпти. 

Мавзуга оид