“Лифт “свет” ўчгани сабаб тўхтаб қолмаган”

Почтачи бўлиб ишлаган 32 ёшли Ольга Леонтьева 24 июль куни манзилларга хатларни тарқатиш учун чиқиб кетиб уйига қайтмагани, унинг жасади орадан уч кун ўтгач янги уйлардан бирининг лифтида топилгани ҳақида хабар бергандик. Дастлабки хабарларда лифт электр таъминотидаги узилиш сабабли тўхтаб қолгани айтилганди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот котиби Фахриддин Нуралиев Kun.uz’га фожиа рўй берган кунларда лифт жойлашган кўп қаватли уйда электр таъминотида узилишлар бўлмаганини таъкидлади.

“Лифт “свет” ўчгани сабаб тўхтаб қолгани ҳақидаги гап-сўзлар асозсиз.Ижтимоий тармоқларда мазкур хабар тарқатилганидан кейин ҳолатни ўрганиш учун воқеа жойига етиб келдик. Туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари вазиятни атрофлича ўрганишди. Паркент кўчасида янги қурилган 269-сонли кўп қаватли уй Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида жойлашган бўлса-да, электр энергиясини Яшнобод тумани ЭТКдан олади. Корхона хабарига кўра, 23—24 июль кунлари ҳодиса содир бўлган ҳудудда электр энергияси таъминотида узилиш бўлмаган.

Тўғри, кейинги пайтда ҳудудларни электр энергияси билан таъминловчи юқори кучланишли қурилмаларнинг қизиб кетиши натижасида авария ҳолатларида узилишларнинг олдини олиш мақсадида пойтахт туманлари бўйлаб режали ўчиришлари бўлиб турибди. Бу ҳақда ўз вақтида аҳолига хабар бериб боряпмиз. Аммо фожиа рўй берган куни ушбу ҳудудда режали ўчириш ҳам, тармоқда авария ҳам кузатилмаган. Буни диспетчерлик хизматининг фавқулодда ўчирилишлар тўғрисидаги қайдлари тасдиқлайди. Ҳудудда узилишлар ёки авариявий ҳолат кузатилса, бу аниқланган бўларди”, дейди Фахриддин Нуралиев.

Яшнобод ТЭТК диспетчерлик хизматининг фавқулодда ўчирилишлар тўғрисидаги қайдлари

Kun.uz билан суҳбатлашган мутахассисларга кўра, лифт электр таъминотидаги узилишлар сабабли ўчиб қолган тақдирда у “свет” келиши билан ишлаб кетган бўларди. “Юқори қаватда қолиб кетган лифт уч кунлаб ишламаган экан, муаммонинг сабабини бошқа жойдан қидириш керак” деб айтмоқда улар.

Созми, носозми?