27 июл куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Бу қарор қабул қилинган йиғилишдан кейин анъанага кўра бошқарув раиси Мамаризо Нурмуродов матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди.

– Сўмнинг долларга нисбатан ўзгариши қандай прогноз қилиняпти?

– Сўмнинг долларга нисбатан курси валюта бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб шаклланяпти. Маълум даражада импорт ҳажмининг ошиши миллий валютага босим ўтказяпти.

Кўплаб импортчилар йилнинг ушбу даврида ташқи савдо операцияларини амалга оширади. Ўтган йиллар билан солиштирганда, йилнинг шу даврида шундай мавсумийлик кузатилган. Агар 2019, 2020 ва 2021 йилларга қарасангиз, айнан шу даврда, иккинчи чорак охири ва учинчи чорак бошида импортимиз ошади. Бу валюта бозорида маълум босимни юзага келтиради. Бироқ бу жараён миллий валютанинг қадрсизланишига олиб келмайди. Чунки тижорат банклари ва корпоратив мижозлар хорижий валютани эркин сотиш ва сотиб олиш учун тегишли ликвидликка эга. Бугунги валюта курси ташқи савдо операцияларининг ҳақиқий аксидир.

– Бюджет дефицити нархлар барқарорлигига таъсир қилади. Шундан келиб чиқиб, Марказий банк Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан қанчалик яқин алоқада? Вазирлик давлат бюджети бўйича маълумотларни эълон қилмай қўйди. Ҳукумат бюджет дефицити бўйича қонунда белгиланган 3 фоизлик чекловга риоя қила оляптими?

– Биз Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан яқин алоқадамиз. Биз томонимиздан хизмат кўрсатиладиган ягона ғазначилик ҳисоби орқали бюджет бўйича маълумотларни кузатиб бора оламиз. Бошқа йиллар билан солиштирганда бу йил биринчи ярим йилликда харажатларнинг ортиши бўлгани рост, бу биринчи навбатда газ импорти ҳажми ошиши билан боғлиқ.

Газнинг жаҳон бозоридаги, яъни шартномаларда кўрсатилган нархи билан ички нарх ўртасидаги тафовут бюджет ҳисобидан қопланади. Шундай объектив шартлар туфайли биринчи ярим йилликдаги харажатлар аввалги йиллардан кўра бироз юқори бўлди.

Координацияга келсак, биз ҳар ой вазирликка инфляция, бюджет ижроси ва бошқа масалалардаги ўз қарашларимиз юзасидан ҳисобот бериб борамиз.

– Россия рублининг қадрсизланиши бизнинг иқтисодиётимизга қандай таъсир қилади?

– Доимий иккинчи йирик иқтисодий ҳамкоримизда пулнинг қадрсизланиши бизга ҳам таъсир қилади. Қайси маънода? Россиядан келадиган пул ўтказмаларининг камайишига таъсир қилади. Мен ҳали таъкидладимки, дастлабки 6 ойда давомида пул ўтказмалари 5,1 млрд доллар атрофида бўлди, ўтган йили бу кўрсаткич 6,5 млрд эди. Бу камайиш ўтган йилги ўтказмалар ҳажми ноодатий равишда юқори бўлгани билан боғлиқ.