2022 йилда Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш умуммиллий тадбири ўтказилиши керак эди. Хусусан, 2019 йил 5 февралда “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги президент фармони, 2020 йил 16 мартда “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганди.

Кейинчалик, коронавирус пандемияси туфайли мазкур тадбирни ўтказиш муддати узайтирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, республикада аҳолини рўйхатга олиш ишлари 2023 йилнинг 1-25 ноябрида ўтказилиши белгиланганди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аҳолини рўйхатга олиш ишларига сарфланадиган маблағ миқдори аҳоли жон бошига ўртача 3 АҚШ долларидан тўғри келиши мумкинлиги айтилганди. Бу харажатлар давлат бюджетидан қопланади.

Нега бу тадбир муҳим?

Аҳолини рўйхатга олиш маълум бир санада Ўзбекистон аҳолисининг сони, ёши, жинси, диний ва этник таркиби, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлиги, иқтисодий фаоллиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги хусусида батафсил маълумот олишга ёрдам беради. Шунингдек, аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларнинг тақсимланишини ҳисоблашда ишлатилади, миграция ҳолатини, меҳнат ресурслари тақсимотини аниқ кўрсатиб беради. Ҳудудларни ривожлантириш, аёллар ва болалар саломатлигини сақлаш бўйича ишларнинг манзилли амалга оширилиши учун ҳам ахборот манбаси бўлиб хизмат қилади.

Аҳолини рўйхатга олишда индивидуал асосда ҳар бир шахс тўғрисидаги якка маълумотлар тўпланади. Шу билан бирга, респондентлардан олинган маълумотларнинг номсизлиги кафолатланади. Аҳолини рўйхатга олиш варақасидан фақат натижаларни умумлаштириш учун фойдаланилади.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбирларининг ўтказилиш тарихи

Аҳолини илк рўйхатга олиш дастлаб қадимги Греция, Вавилон, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Миср каби мамлакатларда ўтказилган. Бундан асосий мақсад одамлардан солиқ йиғиш, бож олиш ҳамда ҳарбий сафарбарлик учун уларнинг сонини аниқлаш бўлган. Шу боисдан рўйхатга олишда асосан эркакларга эътибор қаратилган.