Жаҳон | 16:58 / 30.07.2023
13495
2 дақиқада ўқилади

Таганрогдаги портлаш оқибатида 22 киши яраланди

Ижтимоий тармоқларда шаҳарга ракета зарбаси йўллангани акс этган видео тарқалган.

Фото: Видеодан кадр

28 июл куни Ростов областининг Таганрог шаҳрида рўй берган портлашдан кейин 30 июл тонгигача жами 22 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бу ҳақда «Интерфакс»га Ростов области минтақавий сиёсат ва оммавий коммуникациялар вазири ўринбосари Сергей Тюрин хабар берган.

Жабрланганлар орасида бир бола ҳам бор. У портлашнинг кейинги куни, 29 июлда шифокорларга мурожаат қилган. Тюриннинг маълумотига кўра, бу бола портлаш чоғида велосипеди билан йиқилган ва шикастланган.

Тўққиз нафар жабрланувчи шифохонада қолмоқда, уларнинг ҳолати ўрта оғирликда деб баҳоланган.

Таганрогда портлаш рўй берган жойда харобаларни тозалаш ишлари давом эттирилмоқда, бу ишларга саккизта техника жалб этилган.

Таганрогдаги портлаш 28 июл куни кундузи «Чехов сад» кафеси ҳудудида рўй берганди. РФ мудофаа вазирлиги шаҳарга уриб туширилган украинлар ракетаси қолдиқлари тушганини маълум қилган. Вазирлик версиясига кўра, зарба Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг «зарбдор вариант сифатида қайта жиҳозланган» С-200 зенит-ракета комплекси орқали йўлланган. Таганрогга зарба берилиши акс этган видеода эса ҳудудга РФ мудофаа вазирлиги айтганидек ракета парчаси эмас, С-200 ракетасининг ўзи келиб урилганини кўриш мумкин. РФ тергов қўмитаси Таганрогдаги портлашдан кейин «теракт» ҳақидаги модда бўйича жиноий иш қўзғатган.

Мавзуга оид