Оториноларингология соҳасида тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, соҳадаги нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, давлат муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббий кадрларни тайёрлаш ва илм-фанни ривожлантириш мақсадида «Оториноларингология хизматини такомиллаштириш ва унинг кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзоланди. 

Унга кўра, 

1 сентябрдан юридик шахс мақомига эга бўлган Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилади. 

Марказ оториноларингология йўналишидаги ишларни мувофиқлаштиради ҳамда «Марказ – ҳудудий тиббиёт муассасалари – туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари» тизими асосида ўз фаолиятини ташкил этади. 

Шунингдек, оториноларингологик ва бош-бўйин касалликлари соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни йўлга қўяди, ушбу йўналишларда мутахассисларни ўқитиш ва уларнинг кўникмаларини ривожлантириш чораларини кўради ҳамда илмий мактабни шакллантиради. 

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оториноларингологик ва бош-бўйин касалликлари профилактикаси, уларни эрта аниқлаш ва даволаш дастурларини амалиётга жорий этади. 

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Марказда оториноларингология ихтисослиги бўйича тиббиёт кадрларини клиник ординатура орқали тайёрлаш ташкил қилинади. 

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг оториноларингология бўлимлари Марказнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳудудий филиаллари ҳисобланади. 

Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари тиббиёт йўналишидаги олий, профессионал ва ўрта махсус таълим муассасаларининг тегишли кафедралари учун клиник база сифатида фаолият юритади. 

Марказ фаолияти давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, илмий фаолиятга оид давлат дастурларини амалга ошириш доирасидаги грантлар, пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.