Kun.uz’га Қўшкўпир туманида яшовчи фуқародан мурожаат келиб тушди. Унда туман марказий шифохонасининг стоматология бўлими ачинарли аҳволда эканлиги, бино таъмирга муҳтожлиги, замонавий тиббий ускуналар йўқлиги, туман масъуллари ушбу муаммога эътибор қаратмаётгани ҳақида сўз боради.

Мурожаат эгаси фикрларига асос сифатида таҳририятга бўлимдан туширилган кўплаб суратларни тақдим қилди. Уларда стоматология бўлими чиндан ҳам ачинарли ҳолда эканлигини кўриш мумкин.

Бўлимдаги мебеллар, эшик ва ромлар, ҳатто қайси хона эканлигини билдирувчи ёзувлар ҳам бинонинг ёши билан тенг бўлиши мумкин. Айниқса, бу ердаги тиббий жиҳозларни кўрган соғ одамнинг тиши оғриб қолиши ҳеч гап эмас.  

Маҳаллий бюджет маблағларини турли тадбирлар учун истаганча сарфлаётган туман ҳокимлиги ушбу тарихий шифохонани янгилашга, замонавий тиббий ускуналар билан таъминлашга эътибор қаратмаётгани тушунарсиз ҳолат.

Масалан, туман ҳокимлиги маҳаллий бюджетнинг захира маблағлари ҳисобидан байрамларда баннер ясатиш ҳамда шиорлар учун миллионлаб сўм сарфлаб келмоқда.