Ўзбекистон | 07:49 / 07.08.2023
4027
2 дақиқада ўқилади

Полша Ўзбекистонда резавор мевалар етиштирмоқчи

Ўзбекистоннинг Полшадаги элчиси Баҳром Бобоев Малополск воеводалигига сафари чоғида Plantin компанияси асосчиси Тадеуш Кусибаб билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Дунё АА

Унда Ўзбекистонда резавор мевали экинлар – голубика, малина, қорағат, шилви, шунингдек, фундук етиштиришга сармоя киритиш масалалари муҳокама қилинди.

Голубика, малина ва шилви нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари, балки фармацевтика ишлаб чиқариш учун хомашё сифатида ҳам қўлланилади, чунки улар антиоксидант бўлиб, шифобахш хусусиятларга эга.

Суҳбатдош кўчат ва резавор мевалар етиштириш учун плантациялар яратишга тўғридан тўғри сармоя киритишга тайёрлигини билдирди. Унинг айтишича, Полшада 1 гектардан 20 тоннага яқин голубика олинади, Ўзбекистоннинг иқлим шароити эса 40 тоннагача ҳосил олиш имконини беради.

Тадеуш Кусибаб, агар лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, резавор меваларни қайта ишлаш ва шарбатлар, мураббо, сироп ва экстрактлар, музлатилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам сармоя киритишга тайёр эканлигини таъкидлади.

Полша томонидан мева ва резаворлар етиштириш бўйича ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича 3 ва 6 ойлик курслар ташкил этиш таклиф этилди. Шунингдек, уларни Полшага амалиёт ўташга юбориш режалаштирилган.

Мавзуга оид