Тошкент Кимё халқаро университетининг “Ахборот тизимлари муҳандислиги” йўналишининг 3-курс талабаси Иноят Ражаббоев республикада қишлоқ хўжалигининг асоси бўлган комбайнлар учун янги дастур яратди. Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида комбайнчи оиласида улғайган Иноят бу лойиҳанинг яралиши ҳақида ўз ҳикояси билан бўлишди:

“Ёшлигимдан дастурчи бўлишни орзу қилардим. Лекин мактабни тугатган йилим ўқишга кириш насиб қилмади. Ноилож ота касб – комбайнчиликда ишлай бошладим. Бу мен ўйлаганимдан анча қийин эканлигини ўшанда сездим. Кечалари комбайним бузилиб, тўхтаб қоларди. Айниқса шоли ўримида кўп бўларди бу ҳолат, тузатгунча 2-3 соатлаб вақтим кетарди. Шунақа пайтда буни қулайроқ, осонроқ йўлини топиш кераклиги хаёлимга келарди. Лекин бунга яраша билимим йўқ эди. Отамнинг қўллаб-қувватлаши билан яна тайёрланиб кейинги йил бир нечта олийгоҳларга ҳужжат топширдим ва Тошкент Кимё халқаро университетига қабул қилиндим.

Университетда 2 йил давомида олган билимларим мени анча аввал ўйлантирган масала устида бош қотиришга ундади ва комбайнларни бошқаришда фойдаланиш учун янги дастур яратдим. Бу дастурда комбайн бошқаруви осонлашади, қайси қисмида носозлик бўлса сигнал берилади. Дастур комбайнга ўрнатилади ва овозли тарзда комбайнчига маълумот етказади. Бу қишлоқ хўжалигида комбайнчиларнинг ишини анча енгиллаштиради”.

Қишлоқ хўжалиги учун мукаммал дастурлар керак

Талаба бу билан тўхтаб қолмаслигини айтади, у янги дастурни такомиллаштириш ва функцияларни кўпайтириш устида иш олиб боряпти. Шу билан бирга универститетда ўз билимларини мустаҳкамламоқда. Эндиликда комбайндаги дастур орқали ҳайдаладиган ер майдонини ўлчаш, статистика тўплаш мумкин бўлади.

“Бу дастурдан фойдаланишга буюртмалар беришяпти. Ҳозирда яна иккита дастур устида ишлаяпман. Биргина Амударё туманининг ўзида 100га яқин комбайнлар бор. Улар бу дастурдан фойдаланиш учун буюртмалар беришяпти. Тахминан 1500-2000 доллардан сотиш мумкин.

Асосий мақсадим – қишлоқ хўжалигида ишлайдиган одамларга енгиллик яратиш. Қишлоқ хўжалигини автоматлаштириш мақсадида янги технологияларни ишлаб чиқаришни хоҳлайман. Келгусида сув таъминоти йўналишида инсон омилисиз сувни тежаб ишлатишни йўлга қўймоқчиман”.

Қаҳрамонимизнинг ҳикоясидан билим билан юксалишнинг исботини кўриш мумкин. Бу билимни эса Тошкент Кимё халқаро университетида олиш мумкин.