Ёзги трансферлар давом этмоқда, яна бир қатор футболчилар ўзларига янги клуб топишди, яна бир қанча трансферлар ҳал бўлиши кутилмоқда. Қуйида сўнгги кунларнинг энг асосий трансфер хабарлари дайжести.

Амалга ошган трансферлар

«ПСЖ» «Бенфика» ҳужумчисини қўлга киритди

Гонсалу Рамуш футбол фанатларига 2022 йил охирида яхши танилганди. Португалиялик ҳужумчи ЖЧ-2022 1/8 финалида Швейцарияга қарши ўйинда (6:1) Криштиану Роналду ўрнига майдонга тушганди. Кўпчиликка нотаниш бўлган йигитча ҳет-трик қайд этган, унинг жамоаси рақибни яксон этганди.

Рамуш «Бенфика» сафида ҳам мавсумни ёмон ўтказмади: 47 ўйин, 27 гол, 12 голли узатма. Португалия чемпионатида олтин медални қўлга киритди, энди эса Парижга йўл олди.

Париж клуби молиявий фэйр-плей қоидаларини айланиб ўтиш учун футболчини мавсум якунида сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди ва уни расман ўз футболчиси сифатида тақдим этди.

Фабрицио Романо аввалроқ 22 ёшли форвард кейинги ёзда 65 миллион еврога сотиб олиниши мумкинлигини айтганди. Яна 15 миллион евро бонуслар шаклида тўланиши кўзда тутилган.

«Интер» янги дарвозабон топди

Милан клуби бу ёзда Андре Онанани «Манчестер Юнайтед»га сотди ва Самир Ҳандановични эркин агент сифатида қўйиб юборди. Табиийки, жамоага янги дарвозабон керак эди ва клуб Ян Зоммер танловида тўхтади.

Швейцария жамоаси дарвозабони «Бавария»га ярим йил муқаддам келганди, уни ўшанда оёғини синдириб олган Мануэл Нойернинг ўрнига олиб келишганди. Энди Нойер қайтганидан кейин Ян иккинчи рақамли дарвозабон бўлишни истамади ва мюнхенликлар клуби билан хайрлашиб, «Интер» билан 2026 йил ёзига қадар шартнома тузди. Миланликлар клуби трансфер учун 6 млн евро тўлаган.

«Наполи» Ким Мин Жэга ўринбосар топди

Ёзда «Наполи» жуда муҳим футболчисини йўқотди — кореялик ҳимоячи Ким «Бавария»га йўл олди. Италия чемпиони Бразилиядан унинг ўрнига футболчи топди. Таркиб 22 ёшли Натан билан тўлдирилди ва у билан беш йиллик шартнома имзоланди. Ҳимоячи трансфери учун «Наполи» «Ред Булл Брагантино» клубига 10 млн евро тўлади.