Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москва яқинидаги омборхонада кучли портлаш. Асосий маълумотлар
Москва областидаги пиротехника маҳсулотлари сақланадиган омборхонада кучли портлаш рўй берди. Кўплаб уйларнинг ойналари синиб кетган. Ўнлаб одам жароҳатланган.
Москва шаҳридан шимоли-шарқда жойлашган Сергиев Посад шаҳрида, Загорск оптика-механика заводига туташ ҳудудда 9 август тонгида портлаш рўй берди. Қутқарувчилар бу ҳақда соат 10:45 да сигнал олишган, деб хабар беради ФВВнинг ҳудудий бошқармаси. 1,6 минг квадрат метр майдонни эгаллаган омборхона вайрон бўлган. 50 квадрат метр майдонда ёнғин рўй берган. Сергиев Посаднинг турли чеккаларидан олинган фото ва видеоларда осмонга кўтарилаётган қуюқ тутун устуни кўриниб туради. Портлашдан кейин завод ҳудудидаги барча бинолар ва цехлардаги одамлар эвакуация қилинган. Воқеа жойига ҳукумат вакиллари, фавқулодда хизматлар ва терговчилар етиб боришган.
Сўнгги маълумотларга кўра, портлаш туфайли 50 дан ортиқ киши жароҳатланган. Маҳаллий расмийлар жароҳатланганлар сони 52 нафарни ташкил этаётгани, улардан олти нафари жонлантириш бўлимига жойлаштирилгани ҳақида хабар берган. Жабрланганларнинг деярли барчасида осколкали жароҳатлар қайд этилган. Маҳаллий расмийлар харобалар остида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Ҳукумат маълумотига кўра, портлаш тўлқини 20 та кўп квартирали уйларнинг дераза ойналарини тўкиб ташлаган. Масалан, бу ҳолат завод атрофидаги ўндан ортиқ уйда кузатилган, айрим квартираларда хоналарни ажратиб турувчи тўсиқлар бузилиб кетган, офисларда эса шифтлар қулаб тушган, дея хабар қилади Mash телеграм-канали. «Луч» спорт комплекси, Сергиев-Посад коллежи ва икки мактаб биноси ҳам шикастланган.
Портлаш пиротехника маҳсулотлари сақланадиган омборда содир бўлган, деб хабар қилди ТАСС агентлиги фавқулодда хизматларга таянган ҳолда. Baza нашри ёзишича, портлаш «Пиро-Росс» пиротехника компаниясининг тайёр маҳсулотлари сақланган бинода рўй берган ва бу бино 1990-йиллардан буён мазкур компанияга тегишли эмас. Портлаш пиротехника омборида рўй берганини прокуратура ҳам тасдиқлади. Расмийларга кўра, бинодан ижара асосида фойдаланилган. «Пиро-Росс» компанияси директори Сергей Чанкаев эса портлаш пиротехника маҳсулотлари омборида эмас, балки металл қувурлар сақланган қўшни бинода рўй берганини айтмоқда. Москва области губернатори Адрей Воробьев заводнинг оптикага ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ва у ерда анчадан буён пиротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилганини маълум қилган.
Фавқулодда хизматлар телеграм-каналларнинг портлашга дрон зарбаси сабаб бўлгани ҳақидаги тахминларини рад этган. Маълум қилинишича, портлаш сабаби «технологик жараёнлар бузилиши» (РИА Новости талқини) ва «инсон омили» (ТАСС) бўлган.
Тергов қўмитаси Сергиев Посаддаги портлашдан сўнг саноат хавфсизлиги талабларини бузиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди, деб хабар берган қўмитанинг Москва области бошқармаси. Тергов қўмитасидагилар заводга учувчисиз учар аппарат ҳужум қилгани ҳақидаги версия тасдиқланмаганини билдирган. Россия давлат нашрларига кўра, кўриб чиқилаётган версиялар орасида — диверсия варианти ҳам бор.