Спорт | 11:59 / 11.08.2023
3059
2 дақиқада ўқилади

Кейн «Бавария»га ўтиши ҳал бўлди

Англиялик 30 ёшли ҳужумчи илк бор Англиядан ташқарида ўйнайди.

Фото: CHARLIE CROWHURST/GETTY IMAGES

«Тоттенҳэм» ҳужумчиси Ҳарри Кейн «Бавария»га ўтишга розилик берди. Бу маълумотни инсайдер Фабрицио Романо тасдиқлади.

Унинг маълумотига кўра, «шпорлар» форвард учун 100 миллион евро олади, яна 20 миллион евро миқдорида бонуслар кўзда тутилган.

30 ёшли англиялик футболчи мюнхенликлар клуби билан 4 йиллик шартнома имзолайди. Бугун у Германияга йўл олиб, тиббий кўрикдан ўтади. 

Шу тариқа, 30 ёшли ҳужумчи илк бор хориж чемпионатида ўйнаб кўради.

Инсайдер Флориан Плеттенбергга кўра, Кейн «Бавария» сафида 12 август куни Германия Суперкубоги учун «РБ Лейпциг» клубига қарши кечадиган ўйиндаёқ майдонга тушишни истамоқда.

Аввалроқ журналист Мэттю Лоу Кейн мюнхенликлар раҳбарияти учун дедлайн белгилагани хабар қилинганди.

2022/23 йиллар мавсумида ушбу форвард лондонликлар сафида 49 ўйин ўтказиб, 32 гол урган ва 5 голга узатма берганди. Унинг клуб билан ҳозирги шартномаси кейинги йил ёзигача тузилганди.

Мавзуга оид