Бестселлерга айланган китоб, Netflix ишлаган кино

Рекс Хойерманн асосий гумондор деб қаралаётган Гилго бич серияли қотиллиги бўйича суриштирув мамлакатда катта шов-шувга сабаб бўлиб, 13 йил давом этди. New York Magazine журналисти Роберт Колкер суриштирув жараёни ҳақида китоб ёзган ва бу асар Америкада чинакам бестселлерга айланиб кетганди. Асар асосида кино ҳам ишлашади. Netflix ҳомийлигидаги Лиз Гарбус томонидан ишланган «Йўқолган қизлар» киноси ҳам машҳур бўлади.

Қотилликлар асосий гумондори чиқинди қутисидаги пицца бўлагидан олинган ДНК намунаси орқали аниқлангач, асосан мана шу эпизод тилга олиниб, гўёки оддий тасодиф 13 йиллик суриштирув учун бурилиш нуқтаси бўлгандек таассурот уйғотаётганди. Аммо аслида суриштирув жараёнини кучайтирган асосий омил маҳаллий полиция, прокуратура ва ФҚБ ходимларидан тузилган катта гуруҳ фақат Гилго бич иши билан шуғуллана бошлагани эди.

Хойерманнинг уйида суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Фото: AP

Бутун дунёда шов-шув бўлган серияли қотиллик жуда узоқ вақтдан буён сирли қолаётгани жамоатчиликда норозилик уйғотгач, маҳаллий ҳукумат иш билан шуғулланувчи ходимлар сонини оширишга қарор қилади. Янги тузилган гуруҳ гумондорлар сонини кескин оширади ва улар орасида «рисоладагидек ва сипо» бўлиб юрувчи архитектор Рекс Хойерманн ҳам тушади. Унинг гумондорлар қаторидан жой олишига акасига тегишли Chevrolet Avalanche пикапини тез-тез ҳайдаб тургани сабаб бўлади. Чунки қотилликлардан бирини суриштириш давомида гувоҳлар воқеа жойи яқинида айнан мана шундай маркали, ранги ҳам Хойерманникига ўхшаган машина кўрганини айтади.

Шунингдек, серияли қотиллик қурбонларидан бири Мелисса Барталеми ишидаги бир эпизод ҳам ишни Хойерманн томонга буради. Гап шундаки, 2009 йил, Бартелеми ўлдирилган куни унинг опасига номаълум эркак сим қоқади ва опасини ўлдиргани, уни ҳам йўқ қилишини айтиб, таҳдид қилади. Кейинчалик бу телефон аппарати ташлаб юборилган. Аниқланишича, ўша қўнғироқ Хойерманн яшайдиган уй атрофидан амалга оширилган.