Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “Фуқаролар учун бюджет: 2022 йил ижроси” нашрини эълон қилди.

Маълумотларга кўра, 2022 йилда фойда солиғи – 37 649,9 млрд сўмни ташкил қилди, шундан жами тушумнинг 17 393,7 млрд сўм ёки 46 фоизи олтин ва мис қазиб чиқарувчи корхоналарга тўғри келди. 2021 йилдаги маълумотларга қаралса, фойда солиғи таркибида олтин ва мис қазиб олувчиларнинг улуши 67 фоизни (25 716,5 млрд сўм) ташкил қилган.

Бу 2022 йилда олтин ва мисдан бюджетга фойда 8,32 млрд сўмга камайганини англатади.

Ўз навбатида, ресурс солиқлари умумий тушумлари таркибида мол-мулк солиғи (6,1 фоизга) ва ер солиғи (4,5 фоизга) улуши ошган бўлса, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ улуши 10,5 фоизга камайди.

2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари – 13 887,4 млрд сўмни ташкил этган. Бу 2021 йилга нисбатан 1 924,6 млрд сўм, ёки 12,2 фоизга кам.

Олтин ва мисдан бюджетга тушумлар ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумларининг камайишига солиқнинг унификация қилиниши ва солиқ ставкаларнинг пасайтирилиши сабаб бўлган.

2022 йилдан бошлаб, қуйидаги фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун солиқ ставкалари пасайтирилганди:

• Қимматбаҳо ва рангли металлар – 10 фоиздан 7 фоизга;

• олтин бўйича давлат улушига эга корхоналар – 15 фоиздан 10 фоизга. Натижада тушумлар 2,8 трлн сўмга камайган;

• Бундан ташқари, табиий газ – 30 фоиздан 10 фоизга, нефть ва газ конденсати – 20 фоиздан 10 фоизга пасайтирилган.

“Ставкалар пасайтирилиши, ҳамда 2022 йилда солиқ базасини аниқлашда “Netback” механизмининг жорий этилиши натижасида солиқ тўловчилар ихтиёрида 538,1 млрд сўм қолдирилди”, - дейилади расмий релизда.

Таъкидланишича, норуда қурилиш материаллари ўртача 2 баробарга пасайтирилиши натижасида тушумлар 55 млрд сўмга пасайган.