Ўзбекистон | 12:00 / 16.08.2023
8734
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Қирғизистон президенти билан учрашди

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди. 

Фото: president.kg

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10-мажлисида иштирок этиш учун Қирғизистонга ташриф буюрган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилди

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-ҳуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди. Садир Жапаров Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларида икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларида мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар юз берганини таъкидлади. 

Президент сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлашда изчил ўсиш кузатилаётганига эътибор қаратди, муҳокама қилинган масалалар ва эришилган келишувлар икки давлат ҳукуматлари даражасида тўлиқ амалга оширилишига ишонч билдирди. 

Ўз навбатида, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида қабул қилинган тарихий қарорларга тўхталди. Хусусан, Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш жараёнини якунлаш шулар жумласидан. 

Учрашувда томонлар икки халқ фаровонлиги, қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма режа ва лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратди. 

Мавзуга оид