Жаҳон | 14:57 / 16.08.2023
10194
2 дақиқада ўқилади

Дубай гибрид иш режимини маъқул кўрувчилар учун энг яхши шаҳарга айланди, Лиссабон 5-ўринга тушиб кетди

Лиссабон шаҳри ўтган йили рейтинг етакчиси эди. Шунингдек, рейтингдан илк бор Малага шаҳри ўрин олди.

Фото: Kun.uz

Дубай гибрид режимида (қисман офис, қисман уйдан) ишлайдиганлар учун энг яхши шаҳарлар рейтингида 1-ўринга кўтарилди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Дубайда гибрид ишчиларни маъқул кўрадиган фин-тех компаниялари, молиявий хизматлар тез ўсмоқда. Катта халқаро компанияларда қисқартиришларга дуч келган аксарият ишчилар Дубайдан қўним топмоқда.

Ўтган йилда ушбу рейтинг етакчиси Португалия пойтахти Лиссабон бўлган. Шаҳар бу сафар 5-ўринда қайд этилган. Бунга асосий сабаб эса уй-жой ижарасининг кескин ошиб кетганидир. 

Испаниянинг Малага шаҳри илк бор рейтингга кирди ва 2-ўринда қайд этилди. Ушбу шаҳарда Google компанияси киберхавфсизлик жамоаси учун офис очишга қарор қилган. 

Майами ўтган йилдаги каби 3-поғонада қайд этилган. Шаҳар паст фоизли солиқлар, пастроқ нархдаги уй-жой ижараси ва машҳур пляжлари билан гибрид иш режимини хуш кўрадиган ходимларни ўзига жалб қилишда давом этмоқда.

Рейтингнинг тузувчиси, кўчмас мулк брокери Savills гибрид ишчиларнинг узоқ муддатга бошқа шаҳарга кўчиб ўтишини 20 та асосий бозор жозибадорлиги бўйича баҳолаган. Унга кўра, юқори даражали кадрларнинг қисман масофавий ишга ўтиши уларни янги яшаш жойини қидиришга ундайди. Бунда эса улар асосан иқлими илиқ соҳилбўйи шаҳарларни, аэропортга яқин ва қулай ҳудудларни маъқул кўради. Кўчиб ўтишдаги энг асосий омил уй-жой ижарасининг нархи ҳисобланади.

Таъкидланишича, «рақамли кўчманчилар» ўртасида машҳур бўлган шаҳарларда уй-жой ижараси ошишда давом этмоқда.

Мавзуга оид