Қозоғистон Россиядан Ўзбекистонга 1,5 млрд кубдан 10 млрд куб метргача табиий газ етказиб беришни муҳокама қиляпти. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев сўзларига таяниб “ТАСС” хабар берди.

Нашрга кўра, Қозоғистон расмийси ҳажм янада оширилиши мумкинлигини айтган.

“Ҳозир биз 1,5 дан 10 млрд куб метргача транзит ҳажмни муҳокама қиляпмиз. Ўзбекистон энергетика тизими ва Россиянинг газни керакли ҳажмда экспорт қилиш учун тайёрлигига қараб [таъминот ҳажмини] янада ошириш мумкин бўлади”, деган Саткалиев.

Унинг таъкидлашича, Россиядан Ўзбекистонга газ транзити Қозоғистон учун иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлади.

“Қозоғистон бу транзитдан қўшимча даромад олади. Биз газ қувурлари тизимини модернизация қилиш имкониятига эга бўламиз. Ички бозорга газ етказиб бериш “Қозоқгаз” учун фойдасиз, шунинг учун бундан қўшимча даромад бўлиб, транзит “Қозоқгаз”га босимни камайтиради ва таъмирлаш, инвестиция дастурларини амалга ошириш учун нисбатан барқарор даромад манбайи бўлади”, - дейди у.

Россия билан газ бўйича йўл харитаси

2022 йилнинг охирида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида ўзига хос уч томонлама иттифоқини ташкил этиш, шу жумладан, газ соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифини қўллаб-қувватлаш ғояси кун тартибига чиқди. Бу борадаги таклифни РФ президентни Владимир Путин илгари сурган.

Лекин Ўзбекистон, Россиядан газ харид қилинадиган бўлса, бу иттифоқ тарзидаги келишув асосида эмас, олди-сотди шартномаси шаклида бўлишини билдирган.

2023 йил январ ойида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “Газпром” ўртасида газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланган эди. Келишувда жорий йил март ойидан бошлаб “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали реверсив тартибда Россиядан Ўзбекистонга бозор нархида газ етказиб беришни бошлаш учун зарур техник чоралар кўзда тутилган эди. Россия компанияси шунга ўхшаш шартномани деярли бир вақтда Қозоғистон билан ҳам имзолаган.