Евроиттифоқ Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги музокараларда воситачи ролини ўйнашга ҳаракат қилмоқда (суратда чапдан ўнгга: Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Европа кенгаши раиси Шарл Мишел ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян)

2020 йилги урушдан сўнг қарама-қарши томонлар кўп марта музокара столига ўтирди ва баъзида тинчлик шартномаси имзоланишига яқин қолгандек кўринди ҳам. Учрашувлар Вашингтон, Брюссел ва Москва воситачилигида ўтказилди, бироқ экспертлар фикрича, бу музокаралар муваффақияти арманлар хавфсизлиги масаласига боғлиқ.

Озарбойжон 44 кунлик урушда ғалаба қозониб, Қорабоғ ҳудудининг бир қисмини ва унга туташ ҳудудларни қайтариб олганди. Арманистон, Озарбойжон ва Россия раҳбарлари келишуви билан Россия тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғга киритилди. Улар арманлар яшайдиган Қорабоғ ҳудудини назорат қилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаши кўзда тутилган.

Аммо арманлар бу ҳимоя сифатидан норози, улар тинчликпарвар кучлари Озарбойжон ҳарбийлари қаршисида ожиз, деб ҳисоблайди.

Озарбойжонликлар эса, ўз навбатида, руслар Арманистондан Қорабоғга яширинча қурол олиб ўтишга ёрдам бераётганини даъво қилмоқда.

Қуролли тўқнашувлар ва ўт очишни тўхтатиш шартлари бузилиши ҳолатлари (жумладан, Озарбойжон ва Арманистон чегарасида) ҳақидаги хабарлар ҳар бир неча кунда пайдо бўлади.

Тинчликпарвар кучларнинг мандати 2025 йилда тугайди ва Озарбойжон бу муддат узайтирилмаслиги мумкинлигига аниқ ишора бермоқда.

Ереван Қорабоғда яшашда давом этаётган ўн минглаб арманларга хавфсизлик кафолати берилишини хоҳлайди.

Қорабоғ — ҳар икки халқда бир зумда ҳиссиётлар бўронини келтириб чиқарадиган мавзу. Ўнлаб йиллар давом этган можаролар давомида арманлар ва озарларни ажратиб турувчи жарлик янада кенгайди.

Икки томон ҳам ўзини бу қарама-қаршиликда жабрланувчи деб билади, ишончсизлик ва бир-бирини рад этиш девори тўкилган қонларнинг ҳар бир томчиси билан мустаҳкамланади.

Арманлар Тоғли Қорабоғдан ташқарига чиқа олмайди, озарбойжонликлар эса Қорабоғдаги арманлар томонидан вайрон қилинган, узоқ йиллар давомида миналардан тозалаш ва инфратузилмани тиклаш ишлари олиб бориладиган шаҳар ва қишлоқларга қайта олмайди.