Тадбиркорликни ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Мазкур йўналишни янада ривожлантириш мақсадида яратилган шарт-шароитлар туфайли тадбиркорлар сафи муттасил ортиб бормоқда. Миллий ялпи ички маҳсулотнинг ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортининг салмоқли улушини кичик ва ўрта бизнес яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлик фаолиятини соддалаштириш ва энг қулай ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш билан боғлиқ топшириғини бажариш доирасида ҳамда тадбиркорлар куни арафасида Миллий матбуот марказида 9 август куни “Ўзбекэкспертиза” акциядорлик жамияти раҳбариятининг Ўзбекистондаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

Йиғилишда тадбиркорларга экспортчи корхоналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятни такомиллаштириш, соддалаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 октябрдаги қарорига мувофиқ, “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3351-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4525-сонли Фармонига мувофиқ “Ўзбекэкспертиза” АЖнинг рақамлаштириш лойиҳасининг амалга оширилиши тадбиркорлар (аризачилар) учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш ва хизматлар кўрсатиш бўйича мурожаатларни кўриб чиқишнинг барча босқичларини электрон форматга ўтказиш орқали мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини сезиларли даражада ошириш имконини берди.

“Ўзбекэкспертиза” акциядорлик жамияти синов мажмуасининг кенгайтирилиши, энг сўнгги хорижий асбоб-ускуналарнинг харид қилиниши маҳаллий маҳсулотлар, жумладан, экспортга етказиб берилаётган маҳсулотларнинг доимий лаборатория тадқиқотлари самарадорлигини сезиларли даражада тезлаштирди ва сезиларли даражада оширди.