Ўзбекистон | 09:45 / 21.08.2023
26367
2 дақиқада ўқилади

«Ўзтрансгаз»га янги раис тайинланди

Асқар Исоқов бу вазифани вақтинча бажарувчи бўлади.

Фото: Ўзтрансгаз

Исоқов Асқар Шарифжонович — «Ўзтрансгаз» АЖ бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига тайинланди.

Бунга қадар у Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси («Ўзнефтгазинспекция») бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.

«Ўзтрансгаз» мамлакат газ узатиш тизимининг оператори бўлиб, табиий газни ички бозорга ташиш, шунингдек, Ўзбекистондан газ экспорти ва транзитини таъминлайди.

«Ўзтрансгаз»га 2021 йил августидан Беҳзод Норматов раислик қила бошлаганди. 2022 йил декабрида энергетика таъминотидаги камчиликлар туфайли соҳанинг бошқа масъуллари қаторида унга ҳам ҳайфсан жазоси берилади. 2023 йил январида эса, мамлакатдаги энергетик инқироз фонида у «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари Улуғбек Мустафоев ва «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Меҳриддин Абдуллаев билан биргаликда лавозимидан озод этилиб, уларга вазифасини бажарувчи лавозимида 3 ой синов муддати белгиланганди.

2023 йил мартида Меҳриддин Абдуллаев «Ўзбекнефтгаз» раислигидан озод этилди. Беҳзод Норматов эса қачон ишдан кетгани номаълум. «Ўзтрансгаз»га маълум вақт давомида Аҳадхон Исоқжонов раҳбарлик қилиб турган.

Мавзуга оид