Жаҳон | 10:33 / 21.08.2023
15115
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда Рамзон Қодировнинг танқидчиси ушланди

Мансур Мовлаев аэропортда қўлга олинган, у нимада айбланаётгани маълум эмас.

Фото: АКИpress

«Манас» халқаро аэропортида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари чеченистонлик фаол Мансур Мовлаевни қўлга олди.

Мансур Мовлаев вақтинчалик тергов изоляторига жойлаштирилган, у нимада айбланаётгани маълум эмас.

«Бир дунё Қирғизстон» инсон ҳуқуқлари ҳаракати раҳбари Тўлекан Исмоилова сўзларига кўра, у Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг кескин танқидчиларидан бири бўлган.

«У Чеченистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ва сиёсий репрессияларга қарши чиқди. Фаол ўз баёнотлари ва нашрларида сўз эркинлиги поймол этилиши, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўзбошимчаликлари ва минтақадаги бошқа муаммоларни кўтарди. Россияда у қийноққа солинган», деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Мовлаев 2020 йилда 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Россия мухолифати вакиллари бу иш уйдирма эканини таъкидламоқда.

2022 йилда у шартли равишда озод қилинди, аммо Чеченистоннинг Шали тумани полицияси ходимлари томонидан яна ҳибсга олинди. Сўнгра, Россиядан қочишга муваффақ бўлди ва федерал қидирувга берилган эди.

Мансур Мовлаев 2022 йилдан бери Қирғизистонда яшаб келаётганди.

Мавзуга оид