Украинада сафарбарлик давом этмоқда ва жамоат жойларида чақирув қоғозларини оммавий тарқатиш ҳамда ҲЧМ ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги низолар билан бирга кечмоқда. Вақти-вақти билан одамларни чақирув қоғози топширмасдан ҳам кўчадан олиб кетиш ва ҲЧМга олиб бориш мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.

Шу билан бирга, ҳатто президент Володимир Зеленский ҳам ҲЧМдаги коррупция ҳақида гапириб, қўмондонликни барча ҳудудлар «воeнкомат»лари раҳбариятини ўзгартиришга чақирди.

ҲЧМга боришдан қўрқманг

«Биз чақираётган асосий нарса — бу шунчаки ҲЧМга бориб, маълумотларни янгилашдир. Бу одам шундан кейин сафарбар қилинади ёки хатга тушади, дегани эмас. Бу одатий процедура. Агар одам ўз маълумотларини янгиласа, бу ҲЧМ ишини осонлаштиради, коррупция хавфининг бир қисмини йўқ қилади», деган мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Киевдаги брифингда.

«ҲЧМ маълумотларини янгилаш кўчаларда чақирув қоғозларини беришда юзага келадиган кўплаб муаммолар олдини олишга ёрдам беради ва одамлардан ўз мутахассисликлари бўйича самаралироқ фойдаланишга имкон яратади», деган Украина қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари қўмондонлиги штаб-квартирасининг кадрлар бўлими бошлиғи Роман Горбах.

Горбах ҳам, Маляр ҳам маълумотларни янгилаш учун ҲЧМга бориш дарҳол сафарбар бўлишни англатмаслигини бир неча бор таъкидлаган.

«Маълумотларнинг янгиланиши — бу ҲЧМ картотекаларини сафарбарлик вақтида хабардор қилишга ёрдам берувчи муҳим маълумотлар билан тўлдиришни англатади. Бироқ маълумотларни янгилаш ва сафарбарлик икки хил нарса», дейди Роман Горбах.

Ҳарбий комиссарликлардаги барча жанжаллардан сўнг, у «воeнкомат»ларда коррупцияга қарши кураш олиб борилаётганини айтган ва келгусида ҳам бу кураш давом эттирилишига ишонтирган.

Малярнинг сўзларига кўра, мудофаа вазирлиги одамлар нега ҲЧМга боришни истамаслигини узоқ вақт ўрганган ва асосий сабаб қўрқув эканини аниқлаган.

«Уруш — қўрқинчли, биз барчамиз буни очиқ тан оламиз, аммо бу уялиш учун сабаб эмас. Бу нормал. Биз ҳаммамиз тирик одамлармиз ва барчамиз ғалаба қозониш учун бу қўрқувни енгиб ўтамиз», дейди Маляр.

Унинг сўзларига кўра, шу сабабли мудофаа вазирлиги «келинг ва маълумотларингизни янгиланг» руҳидаги классик мурожаатлардан воз кечишга қарор қилган. Бунинг ўрнига улар психологларни жалб қилган ва таниқли бригада командирлари ўзлари ҳам қўрққани, лекин қўрқувларини енга олганини рост ва самимий айтадиган кампанияни ишлаб чиққан.