
Фото: SOFYA SANDURSKAYA/TASS
Тунда кўплаб москваликлар ва Москва области аҳолиси яна бир бор портлашлар овозидан уйғониб кетди. «„Москва-Сити“, Воротинская, Ангарская кўчалари, шунингдек Химки ва пойтахтдаги Митино районида кучли шовқин овозлари эшитилгани ҳақида хабарлар келиб тушган», — дейилади ТАСС агентлиги хабарида. «Коммерсант» газетаси корреспонденти эса соат 2:50 атрофида «Москва-Сити» ҳудудида портлаш овози эшитилганини хабар қилган.
Тахминан ярим соат вақт ўтиб Москва шаҳри мэри, эндиликда деярли ҳар куни тунда ўз телеграм-каналига янги хабар қўйишга мажбур бўлаётган Сергей Собянин дронлардан бири «Москва-Сити»да «қурилаётган бино»га келиб урилгани, бошқаси Можайск яқинида уриб туширилгани ҳақида ёзди.
Кейинроқ Россия мудофаа вазирлиги яна бир дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Якунда ҳужум қилган дронлар сони учта бўлиб чиқди. Вазирлик версиясига кўра, уларнинг иккитаси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари орқали Москва областининг Можайск ва Химки районларида уриб туширилган, учинчиси эса Москвага учиб кирганидан кейин радиоэлектрон кураш воситалари орқали «бостирилган», шундан сўнг «Москва-Сити»даги «қурилаётган бино» билан «тўқнашув содир бўлган».

«Москва-Сити»даги яна бир минора
ОАВ ва телеграм-каналларда тарқалган фото ва видеоларда дрон деярли қуриб битказилган минорага урилгани, натижада тахминан 12-қаватда битта панорамали ойна қулагани, унинг атрофидаги ойналар ёриқлар ва қоракуя билан қопланганини кўриш мумкин.
«Осторожно, Москва» канали версиясига кўра, дрон «Меркурий» минораси ёнида қурилаётган осмонўпар бинога урилган. «Агентство» нашри эса дрон Moscow Towers минорасига урилганини тахмин қилган ва бу бино ака-ука Ротенбергларга алоқадор эканини билдирган.
Фотосуратларда ишбилармонлик мавзеси ҳудудидаги шиша парчалари, шунингдек бу ҳудудга туташ жойлашган эски хрушчевка уйларнинг синган ойналари ҳам акс этган. Собянин атрофдаги иккита беш қаватли уйларда ҳам бир қанча деразалар синиб кетганини тасдиқлаган.



















