«Ҳиндистон Ой бўйлаб сайр қилди!» дея ўз қувончларини бўлишган мамлакатнинг ISRO (Indian Space Research Organisation — Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти) космик агентлиги ходимлари.
23 август куни Ҳиндистон ойга юмшоқ қўнишни амалга оширган тўртинчи давлатга айланганди (АҚШ, СССР ва Хитойдан кейин).
Шу билан бирга, миссиянинг қиймати Америкадаги аналогларидан бир неча баравар кам.
Ҳинд илм-фанининг ютуғи, айниқса, Роскосмоснинг худди шундай уриниши фонида ишончли кўринади. 20 август куни россияликлар ярим аср олдинги муваффақиятларини такрорлашга ҳаракат қилганди.
Бироқ, уларнинг уриниши муваффақиятсиз якунланди. Модулнинг Ой юзасига тушиш босқичида «Луна-25» билан алоқа узилди ва қурилма йўқолиб қолди.

Ҳиндистон модулининг қўниши «Ой сунъий йўлдоши» — Ой орбитасида учиб юрган «Чандраян-2» кўмагида амалга оширилди.
Шу ҳисобдан, қурилма билан алоқа анча барқарор эди ва уни Ой юзасига охирги тегинишдан олдин тўғрилаш мумкин эди.
«Чандраян» — Ҳиндистон Ой дастурининг умумий номи бўлиб, у санскрит тилида «ой кемаси» деган маънони англатади.
Ой роверининг лақаби бўлмиш «Прагъян» эса «билим» ёки «донолик» маъноларини беради.
Ойга қўнган аппарат номи — «Викрам»ни «жасорат» деб таржима қилиш мумкин. Қурилма Ҳиндистонда ISRO космик агентлигининг асосчиси деб ҳисобланувчи ҳинд олими Викрам Сарабхай номи билан аталган.

Ҳиндистон Ой роверининг вазни атиги 26 килограмм.
У йўлда учраган кратер ва тошлардан эҳтиёткорлик билан қочиб, Ой юзасида бир неча кун саёҳат қилиши керак бўлади.
Қурилмада иккита илмий ускуна бор ва уларнинг вазифаси Ой юзасидаги тупроқни таҳлил қилиш.
Ушбу таҳлил ёрдамида олимлар реголитда қандай минераллар мавжудлигини яхшироқ тушунишга ва тупроқнинг кимёвий таркибини ўрганишга ҳаракат қилади.
Қўниш вақтида бўлганидек, қурилма билан алоқа «Чандраяан-2» орбитал аппарати орқали амалга оширилади.
ISRO матбуот хизмати хабарига кўра, Ой ровери секундига тахминан 1 см тезликда ҳаракатланади.
















