ПСЖ – ЛАНС (26 август, 23:55)

Франция чемпионати учинчи турга етиб келган бўлса-да, ҳақиқий «ПСЖ»ни биз энди кўришимиз мумкин. Неймар кетди, Мбаппе қайтди, Усмон Дембеле ҳам ўтган ўйинда иккинчи таймда майдонга тушди. Луис Энрике қўл остида Париж клуби илк бор оптимал таркибда, Мбаппе – Рамуш – Дембеле ҳужум учлиги билан ҳаракат қилиши мумкин. Дастлабки тажрибалар унча ўхшамади – жамоа икки ўйинни ҳам дуранг билан якунлаб, атиги бир гол, у ҳам бўлса пенальтидан киритишга муваффақ бўлди. Аммо ўйин борасида Энрикенинг чизгилари сезиларли. Жамоа жуда кўп узатмаларни амалга оширмоқда, тўпни ва ўйинни тўлиқ назорат остида ушлаб турибди. Энди бу тизим олдинги чизиқдаги ижрочилар ёрдамида қандай қилиб голларга айланади, кузатиш қизиқ бўлса керак.

Уларга Абдуқодир Хусановнинг жамоадошлари қаршилик қилади. Ҳамюртимиз ҳозирча захирада қолмоқда, мураббий ҳимояда Данзо – Градит – Медина учлигига ишониб турибди, аммо ҳар қандай паллада Хусановни имконият туғилиши мумкин. «Ланс» дастлабки ўйинларни ёмон ўтказган бўлса-да (бир мағлубият, бир дуранг) ўтган мавсумда парижликларга муносиб чемпионлик пойгасини ташкил қилиб берган, атиги бир очкога кам жамғарганди холос. Ўзаро ўйинларда ҳам «Ланс» бўш келмади – ҳар икки ўйинда мезбон жамоа 3:1 ҳисобида устун келган. Парижда ҳам одатда «Ланс» ёмон ўйнамайди: охирги беш учрашувнинг иккитасида меҳмонлар бир очко олиб кетишга муваффақ бўлган.

Фото: Getty images

Мезбонлар сафида Бернат, Мендес, Ли Кан Ин каби футболчилар жароҳат туфайли майдонга туша олмайди. Аммо Мукиеле ва Кимпембе машғулотларга қайтгани, ҳамда бу ўйинда қатнашиши мумкинлиги мухлисларни хурсанд қилиши мумкин. «Ланс» эса, Пореба, Саид ва Фаринесларнинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Ушбу футболчилар ўтган мавсумдан бери сафга қайтгани йўқ.

НЬЮКАСЛ – ЛИВЕРПУЛЬ (27 август, 20:30)

«Ньюкасл» ҳам, «Ливерпул» ҳам аввалги турларда марказий ўйинда қатнашиб улгуришди. Биринчи турни «Ливерпул» «Стемфорд Бриж»да ўтказган бўлса, «Ньюкасл» ўтган ҳафта «Этиҳад»га сафар қилди. Яъни ҳар икки жамоа ҳам мавсум бошланиши бўлишига қарамасдан, жиддий синовлар тажрибасини бошдан кечириб бўлишди. Бу фактор ҳам ушбу баҳсни янада муросасиз қилиши турган гап. Ҳар икки жамоа ҳам ўша ўйинларда очко йўқотгани яна бир туртки бўлиб хизмат қилади, зеро мавсум бошидан пешқадамлар орасидаги фарқ катталашиб кетиши кейинчалик, айниқса еврокубоклар бошланганда анча қийнаб қўйиши мумкин.