Ёзги трансферлар ойнасининг сўнгги кунларида Европа клублари таркибларини кучайтиришни давом эттирмоқда.
Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби Саудия Арабистонида

Испаниялик ҳимоячи Эмерик Лапорт «Ан-Наср» билан шартнома имзолади. Бу янгилик ҳеч кимни ажаблантирмади, сўнгги кунлар давомида унинг трансфери ҳал бўлгани ҳақида хабарлар чиқиб турганди. 29 ёшли футболчи 24 август куни янги клубида тиббий кўрикдан ўтди ва 2026 йилга қадар амал қилувчи шартнома тузди. Аввалроқ инсайдер Фабрицио Романо футболчининг йиллик маоши миқдори 20 млн еврони ташкил этиши ҳақида ёзганди.
«Манчестер Сити» эса бу футболчиси учун 27,5 млн евро ишлаб олган. Лапорт инглизлар клубида 2018 йилдан буён тўп тепиб келаётганди ва ўтган муддат ичида 15 соврин қўлга киритди. Ўтган мавсум якунларига кўра, «шаҳарликлар» требл қайд этди, бир неча кун олдин эса УЕФА Суперкубогида ғолиб бўлди. Энди ушбу ҳимоячи Криштиану Роналду, Садио Мане ва Марсело Брозович каби юлдузлар билан Осиёдаги совринлар учун курашади.
«Челси»га яна бир иқтидорли футболчи келди

Лондон клуби 18 ёшли йигитча учун 16 млн евронинг баҳридан ўтди. Ҳужумчи Дейвид Вашингтон «Сантос»ни тарк этди ва «Челси» билан етти йиллик шартнома тузди, унда келишувни яна бир йилга узайтириш ҳақида опция ҳам бор. Бу лондонликлар клубининг 2023 йил ёзидаги тўққизинчи харидига айланди, бунгача дарвозабон Санчес («Брайтон», 23 млн евро), ҳимоячи Дисаси («Монако», 45 млн евро), яримҳимоячилар Кайседо («Брайтон», 116 млн евро), Лавиа («Саутҳемптон», 62,1 млн евро), Угочукву («Ренн», 27 млн евро), ҳужумчилар Нкунку («Лейпциг», 60 млн евро), Жексон («Вилярреал», 37 млн евро) ва Габриэл («Сантос», 15 млн евро - у «Страсбург»га ижарага берилди) сотиб олинганди.
2022 йилда Вашингтон «Сантос»нинг ёшлар жамоасида Сан-Паулу штати ғолиби бўлганди. Асосий жамоадаги дебютини эса шу йил апрелида ўтказганди. Бу муддат ичида у асосий жамоа сафида 16 ўйинда майдонга тушиб, икки гол урган. «Челси» бош мураббийи Маурисио Почеттино раҳбариятдан яна икки янги футболчи олиб беришни сўраган. Аргентиналик мутахассис жамоага яна бир дарвозабон ва ҳужумчи керак деб ҳисобламоқда. Аввалроқ Романо «Челси» МЛС чемпионати вакили «Ню-Инглэнд Революшн»дан 16 млн еврога 23 ёшли сербиялик дарвозабон Жорже Петровични трансфер қилаётгани ҳақида ёзганди.


















