Украинада урушнинг 549-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- РФ мудофаа вазирлиги украинлар дрони Москвага ҳужум қилишга урингани ҳақида хабар берди. Дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган.
- Белгород области расмийлари украин қўшини чегара ҳудудидаги посёлкани кассетали ўқ-дорила билан ўққа тутгани ҳақида хабар қилди. Олти киши яраланган.
- Житомир ҳудудида ҳарбий топшириқ вақтида украинларнинг икки самолёти тўқнашиб кетган. Уч учувчи ҳалок бўлган, улар орасида — «Жус» лақабли Андрей Пилшчиков ҳам бор. У урушнинг илк кунларида Киев мудофаасида қатнашганди.
- The Guardian: Залужний Украина-Полша чегарасида НАТОнинг юқори мартабали мулозимлари билан учрашганидан кейин, Украина ҚК тактикани ўзгартирди.
- Белгород областининг чегара ҳудудидаги Шчетиновка қишлоғига дрон ҳужуми оқибатида тинч аҳоли вакилларидан бири ҳалок бўлди, дея маълум қилган регион губернатори Вячеслав Гладков. Унинг сўзларига кўра, Украина ҚК «ўз дала ҳовлисида майсаларни ўраётган киши устига» дрондан портловчи қурилма ташлаган.
Кинбурн қумлоғидаги россиялик артиллериячилар
ТАСС Кинбурн қумлоғига жойлаштирилган «Дон» казаклар разведка-штурм бригадаси таркибидаги «Аксай» батальони жангчилари фотосуратларини намойиш этди — бу Днипро-Буг қўлтиғи ҳамда Қора денгиз оралиғидаги Кинбурн яриморолининг қумли участкасидир.
Россия қўшинлари бу ҳудудни 2022 йил июлида эгаллаб олганди. Ўша йил ноябрида Миколайив области маъмурияти раҳбари Виталий Ким Украина қуролли кучлари регионнинг барча ҳудудларини эгаллагани, фақат Кинбурн қумлоғида россиялик ҳарбийлар қолаётганини маълум қилганди. 2023 йил 26 августида ТАСС РФ бу участкадаги «ўз позицияларини мустаҳкамлаётгани» ҳақида ёзди — ҳарбийлар блиндаж ва бошқа истеҳкомларни жиҳозлашмоқда. РФ ҳукумати бу қумлоқни Херсон областининг аннексия қилинган қисми таркибига киритиб юборган.

































