Жорий йилнинг 28 август куни Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Metito Utilities Limited компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида «Наманган шаҳрида оқова сувларни тозалаш иншоотини қуриш» ДХШ лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ ҳал этилиши лозим бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, томонлар ўртасида «Наманган вилоятида насос станцияларини реконструкция қилиш» янги инвестиция лойиҳаси юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида қўшма лойиҳалар бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди. Шунингдек, лойиҳаларнинг яқин фурсатларда муваффақиятли якунланишига умид билдирилди.

Metito Utilities Limited компаниясининг бош қароргоҳи Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган. Ташкилот муҳандислик ва қурилиш, коммунал хизматлар, эксплуатация ва техник хизмат кўрсатиш, кимёвий ечимларга ихтисослашган сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича етакчи компания ҳисобланади.