Жаҳон | 18:40 / 02.09.2023
11350
1 дақиқада ўқилади

Нобел фонди Россия ва Эрон элчиларига юборилган таклифномаларни қайтиб олди

Нобел фонди бир йиллик танаффусдан сўнг Россия, Беларус ва Эрон элчиларини Стокҳолмдаги Нобел мукофотини топшириш маросимига таклиф қилганди.

Фото: Нобел фонди

Фонднинг бу хатти-ҳаракати танқидларга сабаб бўлгач, бу уч давлат элчиларига юборилган таклифномалар қайтиб олинган. Нобел фонди таклифномалар қайтиб олинганини айнан танқидлар билан боғлаган. Россия, Эрон ва Беларус элчилари банкетга таклиф қилингани Швециядаги учта йирик партия етакчилари танқидига учради. Улар бу элчилар қатнашадиган банкетга бойкот қилишларини айтган.

Шунингдек, Швеция қироллик оиласи ҳам бу уч давлат элчилари юқори даражали маросимга таклиф қилинганидан ҳайронлигини билдирган. Швеция қироли Россия, Эрон ва Беларус элчилари иштирок этадиган тадбирда қатнашиши аниқ эмаслиги айтилган.

Ўтган йили Нобел фонди Россия ва Беларус элчилари бу икки давлатнинг Украинага қарши агрессияси сабаб тадбирга таклиф этилмаслигини маълум қилганди. Россияга фаол қурол етказиб бераётган Эрон элчиси ҳам ўтган йилги маросимга чақирилмаган.

Мавзуга оид