Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларидаги «сайловлар»ни қоралади
Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларда ўтказилаётган «сайловлар» ноқонуний ва Украина суверенитетини бузади, деди Европа Иттифоқи ташқи ишлар хизмати матбуот котиби Петер Стано.
1 сентябр, жума куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар хизмати расмий вакили Петер Стано Россиянинг ўзи эгаллаб олган Украина ҳудудларида «минтақавий думалар» ва «муниципал кенгашлар»га ўтказаётган «сайловлари»ни қоралаб чиқди. Сохта сайловлар «халқаро ҳуқуқ ва Украина суверенитетининг яна бир қўпол бузилишидир. Қрим, Херсон, Запорижжя, Донецк, Луҳанск – буларнинг барчаси Украина!» деб ёзди Стано X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида. У бу «сайлов»га алоқадорлар жавобгарликка тортилишига ваъда берди.
Россия Марказий сайлов комиссияси овоз бериш бошланганини маълум қилди
Россия Марказий сайлов комиссияси шу куни аввалроқ эгаллаб олинган ҳудудларда муддатидан олдин «овоз бериш» бошланганини эълон қилди. Россия МСК маълумотларига кўра, 1 сентябрдан бошлаб «ДХР» ва «ЛХР» деб аталувчи ҳудудлар, шунингдек, «уйидан узоқда» жойлашган Запорижжя ва Херсон вилоятларининг қўшиб олинган қисмлари фуқаролари Россиянинг 81 та ҳудудида очилган «экстратерриториал сайлов участкаларида» овоз бериши мумкин. «Тўртта янги субъект ҳудудида ташкил этилган сайлов участкаларида инфратузилмани тиклаш бўйича у ерда ишлаётган бошқа минтақалар аҳолиси овоз беради», — дея қўшимча қилди комиссия. «ДХР» ҳудудлари ва Запорижжя вилоятининг фронтга туташ эгаллаб олинган қисмида 31 август куни овоз бериш бошланди.
Бу - Украина шарқида сайловларни ташкил қилиш учун ишлаб чиқилган ягона янгилик эмас. Масалан, маҳаллий аҳоли Украина паспортлари ёки ҳатто ҳайдовчилик гувоҳномалари ёрдамида овоз бериши мумкин бўлади. Аксарият сайловчилар эса «номзодлар» ҳақида сайлов участкаларига келгандагина хабар топяпти. Маҳаллий «сайлов комиссиялари»га «номзодлар» рўйхатини исм-шарифлари билан эълон қилмасликка рухсат берилди. Украина Хавфсизлик хизмати Россия эгаллаб олган ҳудудлардаги «сайловлари»да фаол иштирок этиш ҳолатини коллаборационизм ва давлатга хиёнат деб баҳолашини билдирди.