Ўтган турда «Фулҳэм» «Арсенал»нинг асабига ўйнаганди (2:2), бу шанбада эса «дачачилар» «Манчестер Сити»нинг ҳам ҳаётини мураккаблаштириш учун майдонга чиқишганди. Ўйинда дастлаб Ковачичнинг узатмасига очилган Ҳоланд тўпни қулай позицияда турган Алваресга юмалатиб бериб, гол урилишини таъминлади. Аммо меҳмонлар бурчак зарбасидан максимум натижа чиқариб, дарҳол жавоб қайтаришди. Уларни биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқалар охирида урилган гол синдириб қўйди, бу гол Марку Силва ва унинг футболчиларининг ғазабига сабаб бўлди. Улар бу вазиятда офсайдда турган Аканжи дарвозабонга халал берганига амин эди, аммо ҳакам қарорини ўзгартирмади.
Танаффусдан кейин эса «Фулҳэм» Эрлинг номидаги норвег бўрони қурбонига айланди. Оқшом қаҳрамонига биринчи голида тўпни тўхтатишга уринган Рим ёрдам бериб юборди. Кейин ўтган турда пеналтидан фойдалана олмаган Ҳоланд яна «нуқта»га яқинлашди ва зарбани скандинавча совуққонлик билан ижро этди. Ва ниҳоят ўйинга қўшиб берилган бешинчи дақиқада Гомеснинг солосидан кейин «Сити» мергани АПЛдаги бешинчи ҳет-тригини расмийлаштирди.
Табиийки, навбатдаги рекорд ҳам қайд этилди, чунки Ҳоландга бу натижа учун 39 ўйин етарли бўлди. Бу Рууд ван Нистелройникидан 34 ўйинга яхшироқ. Алан Ширер, Ҳарри Кейн, Майкл Оуэн, Луис Суарес, Робби Фаулер — уларнинг барчаси норвег гол машинасидан космик масофада ортда қолиб кетишди. Бундан ташқари, «Сити»нинг стартдаги тўрт ўйинида ҳам ўйнаган форвард Энди Коулга тегишли бўлган бошқа рекордни (42 ўйин) янгилаб, АПЛ тарихида барчадан тез 50 самарали балл (41 гол ва 9 узатма) тўплаган футболчига айланди.
«Челси»нинг ёш таркибига қарамай, Маурисио Почеттинонинг келиши барчасини ўзгартириши тахмин қилинганди. «Тоттенҳэм»да эса аксинча, Кейн тарк этгани ва бош мураббийликка АПЛда тажрибага эга бўлмаган Ангелос Постекоглу тайинланиши туфайли, пасайиш кутилганди. Аммо тўрт тур ўтганидан кейин, кўклар икки бор мағлубиятга учради, «шпорлар» эса дастлабки турдаги дурангдан кейин уч ўйинда ғалаба қозонди.
Ўтган мавсумда чемпионшипда романтик ўйинлари билан барчани хушнуд қилган «Бёрнли» эса том маънода тор-мор этилди. Антонио Контенинг иккинчи мавсумида сояда қолиб кетган Сон Хин Мин эса энди юз фоизлик етакчи. Шанба куни у АПЛдаги тўртинчи ҳет-тригини нишонлади. Мэддисоннинг ўйинини ҳам алоҳида эътироф этиш мумкин. Турнирдаги дебютидан кейин ўтган беш йилда ушбу яримҳимоячи узоқ масофадан йўлланган голлари сони бўйича Уорд-Проус билан бир хил натижа (18 тадан) қайд этмоқда. Бу футболчилар фаолиятидаги яна бир ўхшаш жиҳат — ўтган мавсум якунида уларнинг жамоалари АПЛни тарк этгани («Лестер» ва «Саутҳемптон») ва улар янги клубларига дарҳол мослашиб кетгани билан боғлиқ.
Агар «Брайтон» ёрқин ва самарадор футбол синонимига айланган бўлса, Эдди Ҳау бошқаруви давридаги «Нюкасл» — мудофаада намунали ўйин кўрсатади. Фақат «чайкалар» «Вест Ҳэм»дан учралган кутилмаган мағлубиятдан (ўйинда тўлиқ устунлик қилинган ҳолда қарши ҳужумларда учта гол ўтказиб юборилганди) кейин ўзини оқлай олган бўлса, «қарғалар»нинг бу мавсумдаги ўйини ўтган мавсумдагига яқинлаша олмаяпти. Буни ирландиялик истеъдод Фергюсоннинг иккинчи голи ҳам кўрсатади, у икки марказий ҳимоячи ҳудуди орасида тўпни қабул қилиб олиб, ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан ўзи истаганича зарба берди ва машғулотларда бўладигани каби гол урди.
Якунда ушбу ирландиялик ҳет-триклар кунини давом эттирди ва жамоасининг навбатдаги йирик сотув трансфери ким бўлишига ишора берди. Натижада АПЛ тарихида атиги иккинчи бор бир ўйин кунида уч футболчи учтадан гол уриши кузатилди. Бу яна сентябрда рўй берди. 1995 йилда Фаулер, Ширер ва Йебоа бир кунда ўтказилган ўйинларда шу трюкни бажаришганди. 18 ёшли Фергюсоннинг ёшини ҳам қайд этиш мумкин — у юқорида номи тилга олинган Фаулер, шунингдек, Барт-Уилямас ва Майкл Оуэндан кейин бу ёшда ҳет-трик амалга оширган тўртинчи футболчига айланди. Энди «Брайтон» уч ғалаба билан турнир жадвалининг юқори қисмида қолмоқда, «Нюкасл» эса стартда «Астон Вилла» таслим этилганидан кейинги уч ўйинда атиги бир очко олди.
Бу мавсумда илк бор «Сантияго Бернабеу»да майдонга тушган «Реал» ўйинни ўтказиб юборилган тезкор гол билан бошлади — Фран Гарсия ортга пас беришда хатога йўл қўйди ва бундан Мадрид клуби тарбияланувчиси Борха Майорал фойдаланди, ҳимоячи эса бу хатоси учун танаффусда алмаштириб ташланди. Ла лиганинг энг прагматик жамоасига қарши ўйиндаги бундай сценарий — ўзига хос синов бўлиши тайин эди. Тезда жавоб голи уриш имкони бўлмади, арбитр Беллингҳем жарима майдони ичида йиқилганида белгиланган пеналтини видеотакрордан кейин бекор қилди.
Қолаверса, бу ўйинда меҳмонлар посбони Сория ақл бовар қилмас ҳаракатларни амалга оширди. Унинг бенефиси Модрич ўзига хос бўлмаган тарзда сакраб бош билан зарба берганида бошланди, хорватиялик яримҳимоячи йиқилатуриб йўллаган зарбадан кейин тўпни дарвозабон дарвоза тўсини остидан қайтарди. Ҳужумлардан бирида Крооснинг зарбаси аввалига устунга тегди, қайтган тўпга етиб келган немиснинг зарбасини дарвозабон қайтариб қолиши тур ҳит-парадини безайди. «Хетафе» дарвозаси қаршисида юзага келган вазиятларга Карвахал ва Родригонинг зарбаларидан кейин устун ва тўсинлар нишонга олингани ҳам қўшилса, бу ўйин учун ҳит-параддан жуда кўп вақт ажратишга тўғри келади. Лекин Винисиус Жуниор жароҳат олганидан кейин ўйин имкониятига эга бўлган Ҳоселу ўзида юзага келган имкониятлардан биттасидан барибир фойдаланди. У иккинчи бўлим бошида ҳимоячидан қайтган тўпни дарвоза тўрига йўллади.
«Реал»нинг ҳал қилувчи голи эса — ҳақиқий драма бўлди. Кеча қаҳрамонига айланиши мумкин бўлган Сория ўз фаолияти учун рекорд даражада 10 сейв амалга оширди, аммо ўйинга қўшиб берилган бешинчи дақиқада Лукас Васкеснинг узоқ масофадан йўллаган зарбасидан кейин тўпни ушлаб қола олмади, қайтган тўпга эса биринчи бўлиб Беллингҳем етиб келди. XXI асрда ушбу инглиз футболчисига қадар ла лига стартидагида тўрт ўйинида беш гол уришга фақат уч футболчи — Ибраҳимович, Криштиану Роналду ва Фабрегас эришган. Бунда «Реал»нинг жамоавий ўйинини ҳам эътироф этмоқ керак, жамоа қаторасига иккинчи мавсумда стартдаги тўрт ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. «Қироллик клуби»да бундай серия сўнгги бор ўтган асрнинг 60-йилларида кузатилган.
Янги мавсумни ёмон бошлаган «Лацио» бу ўйин бошида ҳам бошланғич таркибга қайтган Кварацхелиянинг юришидан кейин гол ўтказиб юбориши мумкин эди. Римликлар жамоаси биринчи бўлимнинг катта қисмида ҳужумга чиқиш ҳақида ўйламади, аммо бу уларга ҳисобни очишга тўсқинлик қилмади. Фелипе Андерсоннинг нафислик билан йўллаган пасини Луис Алберто дарвозага орқа турган ҳолда товони билан йўллади.
Мезбонлар бу голга биринчи бўлимдаёқ жавоб қайтарди, Зелинскининг зарбаси рикошетлар орқали дарвоза тўрига бориб тушди. «Наполи» бу голга муносиб ўйнаганди, аммо танаффусдан кейин меҳмонлар фаолроқ ва кескинроқ ўйнашди. Маурицио Сарри ўзи учун жуда яхши таниш бўлган стадионга йиғилган мухлисларни ранжитди, унинг шогирдлари ҳам ижодкорлик бобида рақибдан устун келишди. Ёзда Германия чемпионатидан келган япониялик ҳужумчи Камада томонидан урилган гол билан якунланган ҳужумни — футбол дарсликларига киритиш мумкин.
«Бургутлар» сафидаги яна бир янги футболчи Гендузининг захирадан ўйинга қўшилиши римликлар ўйинини янада кучайтирди. Француз футболчиси бир неча дақиқа ичида гол ва пас тизимида 1+1 қайд этиши мумкин эди, аммо икки гол ҳам VAR аралашуви ҳамда Дзакканидаги офсайд ҳолатлари туфайли бекор қилинди. Аммо икки гол ҳам римликларга Иммобилени клубдаги 300-ўйини билан табриклаш учун етарли бўлди. «Наполи» эса ўзининг тушунарсиз ўйини билан ҳайрон қолдирди ва Руди Гарсия бошқарувидаги илк мағлубиятини тан олди.
Германия: Тухел Менҳенгладбаҳдаги ёқимсиз анъанага чек қўйди
Менҳенгладбаҳ — «Бавария» учун сафар ўйинларида доимо муаммо туғдириб келади. Мюнхенликлар кичик «Боруссия»ни охирги бор 2019 йил баҳорида мағлуб этган, кейинги даврда беш ўйиндан тўрттасида ютқазиб бир бор дуранг ўйнаган. Айниқса, кубок ўйинидаги 0:5 ҳисобидаги мағлубият ёдда қоларли бўлган. Бу сафар ҳам мезбонларнинг ҳар бир стандарт вазияти амалдаги чемпионлар учун ҳақиқий синовга айланди. Улардан биринчиси Фридрихнинг зарбаси тўсинга тегиши билан якунланди, кейин эса мудофаа вакиллари бўлган икки футболчи ҳисобни очишди — Вебер жарима майдони ичида тўпни қулай қилиб ташлаб берди, Итакура дарвоза тўрини аниқ нишонга олди.
Танаффусдан кейин япониялик футболчи бўш қолган дарвозага кириб кетаётган тўпни чиқариб юборган ҳолда яна қаҳрамонга айланди. Аммо Томас Тухел жамоаси барибир ўз устунликларидан фойдаланиб, бунгача зарбалари дарвоза тўсини ва устунига теккан Саненинг навбатдаги уринишидан кейин мувозанатни тиклади. Гладбаҳ эса ўйинни қайта қура олмади, ўйин охирида «Бавария» ноқулай рақибни таслим этди. Буни ушбу жамоага қарши олдинги ўйинларда қатнашмаган ва ҳеч қандай комплекслари йўқ бўлган 18 ёшли Тел амалга оширди. У — шу куни ўз ҳисобига икки голли узатма ёзиб қўйган Киммиҳ билан биргаликда кеча қаҳрамонига айланди.
«Бавария» мавсум стартида уч ғалабага эришди, аммо бу жамоа ҳали биринчи ўринда эмас. Худди шу графикда кетаётган, аммо тўплар нисбати яхшироқ бўлган «Байер» биринчи ўринда. Ўтган мавсум ярмида Ҳаби Алонсо бошқарувида янги даврга кирган леверкузенликлар бу мавсумда ҳам ёрқин футбол намойиш этмоқда. Жамоа олдинги турларда «Лейпциг» ва Менҳенгладбаҳнинг «Боруссия» жамоаларига учтадан гол урди, бу мавсум бундеслигага чиққан жамоага ҳам ҳеч қандай имконият қолдирилмади. «Дармштадт»га энг кўп муаммо нигериялик Бонифас томонидан тақдим этилди, у уч гол урилишида қатнашди. Белгиянинг «Юнион» клубидан келган форвар уч турда олти самарали балл (4 гол ва 2 пас) ишлади. Opta ҳисоблари юритилиши бошланганидан буён (2004 йил) бундеслигада бундай кучли стартга фақат Дортмунднинг «Боруссия» клубининг икки собиқ футболчиси — Пако Алкасер (2018) ва Ҳоланд (2020) эришганди.
Кун статистикаси
ПСВ ҳужумчиси Люк де Йонг 2019 йил апрелидан буён 1-бор қаторасига беш ўйинда гол урди.
Ди Мария «Бенфика»га қайтганидан тушган беш ўйинида 4 гол урди.
«Штутгарт» ҳужумчиси Гирасси бундеслиганинг дастлабки уч турида 5 гол урди ва бу борада клуб рекордини ўрнатди.
Аргентиналик ҳужумчи Икарди ўтган мавсум бошидан буён «Галатасарой» ўйинларида 8 бор камида иккттадан гол урди.
«Шеффилд Юнайтед» АПЛда биринчи бор гол ўтказиб юборган ҳолда танаффусга ҳисобда олдинда борган ҳолда йўл олиши учун 202 ўйин ўтказишига тўғри келди.