Генерал Тарнавский: Украина ҚК жанубий фронтда Россия мудофаасининг биринчи чизиғини ёриб ўтди
Украина жанубидаги юришга бошчилик қилаётган генералнинг сўзларига кўра, Россиянинг учта мудофаа чизиғидан айнан биринчиси энг яхши мустаҳкамлангани эди.
Украина қуролли кучлари жанубий фронтда Россия қўшинларининг учта мудофаа чизиғидан биринчисини ёриб ўтди, бу – энг яхши мустаҳкамланган линия эди. Бу ҳақда жанубдаги қарши ҳужумга бошчилик қилаётган генерал, Украина ҚК «Таврия» гуруҳи қўмондони Олександр Тарнавский Британиянинг The Observer нашрига берган интервюсида маълум қилган.
«Биз ҳозирда биринчи ва иккинчи мудофаа чизиқлари оралиғида турибмиз, — деган у Запорижжя областидаги Работине ва Вербове қишлоқлари ҳудудларини назарда тутган ҳолда. — Биз ҳозирда ҳужум марказида Россия қўшинларининг иккинчи мудофаа чизиғи ортига чекинишини таъминлаш учун қолдирилган бўлинмаларни йўқ қилиш жараёнини якунлаяпмиз».
Генералнинг баҳоларига кўра, жанубий фронтда учта мудофаа чизиғини шакллантиришда Россия қўмондонлиги ўз куч ва воситаларининг 60 фоиз қисмини биринчи чизиқ учун ажратган ва кейинги икки чизиқ учун 20 фоиздан — чунки, Украина қуролли кучлари биринчи чизиқни ёриб ўтишига ишонмаган. «Россияликлар украинлар бу мудофаа чизиғидан ўта олмайди, деб ўйлашган. Бир йилдан ортиқ вақт тайёрланишган. Улар бу ҳудуд яхши тайёрланиши учун барча ишни қилишган», — дея қайд этган Тарнавский.
Украина Россия мудофаасининг биринчи чизиғига жуда секинлик билан яқинлашди, чунки тиғиз миналанган майдонлар мунтазам равишда РФ қўшинлари томонидан ўққа тутиб турилганди ва бу ҳудудларни миналардан тозалаш ишларини фақат тунда, пиёдалар қўли билан амалга ошириш мумкин эди. Тарнавскийнинг фикрича, буёғига олдинга ҳаракатланиш тезроқ кечади, чунки миналанган майдонлар олдинги каби тиғиз жойлашмаган, Россия армияси эса захираларини тез сарфламоқда.
«Душман нафақат Украинанинг ўзидаги, балки Россиядаги захираларини ҳам олиб келмоқда. Аммо эртами кечми россияликларда энг яхши аскарлари тугайди. Бу эса бизга кўпроқ ва тезроқ ҳужум қилишга туртки бўлади. Бизда ҳали барчаси олдинда», — деган Тарнавский.
Мавзуга оид
15:13
Блинкен: Украина курашиш ёки музокара ўтказиш ҳақида бир қарорга келиши керак
11:41
Россия ва Украина ҳалок бўлган ҳарбийлар жасадини алмашди
08:38
FT: Трамп Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишга ваъда берди
23:32 / 20.12.2024