Спорт | 14:22 / 04.09.2023
27884
24 дақиқада ўқилади

Лондонда драма, Салоҳда серия. Кун ўйинлари

«Арсенал» ва «МЮ» ўйини охирида ақл бовар қилмас воқеалар рўй берди. Манкунианликларнинг 89-дақиқадаги голи бекор қилинди, кейин улар иккита гол ўтказиб юборишди. Якшанба оқшомида Европа футболида содир бўлган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Reuters

«Арсенал» – «МЮ» 3:1
Голлар:
0:1 – 27 Рэшфорд, 1:1 – 28 Эдегор, 2:1 – 90+6 Райс, 3:1 – 90+10 Габриэл Жезус 
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко (Томиясу, 76), Эдегор, Райс, Ҳавертц, Сака, Мартинелли, Нкетиа (Жезус, 76).
МЮ – Онана, Уан-Биссака, Линделёф (Эванс, 84), Мартинес (Магуайр, 67), Диогу Далот, Эриксен, Каземиро, Бруну, Антони (Гарначо, 84), Марсиял (Ҳойлунд, 67), Рэшфорд.
Огоҳлантиришлар: Линделёф (38), Сака (40), Мартинес (65), Онана (68), Габриэл Жезус (89).

«МЮ» таркибидаги муаммолар ва «Арсенал»нинг йўқотиши

«Бу премиер-лигадаги энг муҳим қарама-қаршиликлардан бири», — Эрик Тен Ҳаг АПЛнинг тўртинчи тури доирасидаги «Арсенал» ва «МЮ» ўйини олдидан шундай сўзларни айтди.

«Юнайтед» «Эмирейтс»га умуман очкосиз ҳолатда ташриф буюриши ҳам мумкин эди: клуб дастлабки турлардаги очколарга катта қийинчилик билан эришди. Қолаверса, жамоа янги мавсум арафасида таркибдаги муаммоларини охиригача ҳал қила олмаган.

Шу ёзда жамоани тарк этиши кутилган, аммо харидор чиқмаган Скотт Мактоминей, шунингдек, бош мураббий билан муаммоси бор Жейдон Санчо Лондонга олиб кетилмади, Рафаэл Варан, Люк Шоу, Тайрелл Маласия ва Мэйсон Маунт аллақачон лазаретда. Тен Ҳагда вариантлар кўп эмас, натижада Диогу Далотни яна чап қанот ҳимоячиси позициясига юборишга тўғри келди (трансферлар ойнасининг сўнгги кунида ижарага олинган Серхио Регилон ҳали ўйнашга тайёр эмас), Эриксен эса ўрта чизиққа жойлаштирилди (таркибни кераксиз футболчилардан тозалаш имкони бўлмагани учун трансфери кечикиб кетган Амрабат ҳам тайёр эмас).

«Арсенал» эса «Ноттингҳем Форрест» ва «Кристал Пэлас» билан ўйинлардаги ғалабалардан сўнг кутилмаганда «Фулҳэм» билан дуранг ўйнаганди (2:2), шундай экан, вазиятни ўнглаш учун жамоа мавсумдаги илк жиддий рақиб билан ўйинда ғалаба қозониши талаб этиларди.

Ҳаверц ишлаган пеналти ва Магуайрнинг майдонга қайтиши

Фото: SHAUN BOTTERILL/GETTY IMAGES

Ўйин илк дақиқалардан қизий бошлади ва «Арсенал» илк дақиқаларданоқ ўйин оҳангини белгилаб берди. «Юнайтед» майдон ўртасидан ўтишга қийналди, жамоа ўйинни ўз дарвозаси атрофида қурди ва тўпни олдинга етказиб беришда хатоларга йўл қўйди.

Ўйин жараёнида ҳисоб меҳмонлар томонидан очилишига ҳеч қандай ишора йўқ эди, аммо «Юнайтед» барибир бир амаллаб буни уддалади. Моҳиятан бу қарши ҳужум эди, Ҳаверц қанотдан тўп узатишда хатога йўл қўйди ва Эриксен чапда тезлик олган Рэшфордни тўп билан таъминлади, ҳужумчи Бен Уайт ва Уилям Салиба ўртасидан марказга кўчиб, узоқ устун томон йўллаган зарбаси билан Рамсдейлни доғда қолдирди.

«Арсенал»га жавоб голини уриш учун 35 сония етарли бўлди. Яшил-оқ рангли футболкадаги футболчилар («Юнайтед» шу куни майдонга ноодатий комплектда тушганди) «канонирлар» бир неча узатма эвазига тўпни жарима майдони ҳудудига етказишини пассивлик билан кузатиб туришди, Габриэл Мартинелли эса энг муҳим пасни узатди — тўпни марказда турган Мартин Эдегорга юмалатиб берди. Норвегиялик футболчи тўпга бир тегинишда зарба бериб, Онанага имкон қолдирмади.

Умуман олганда, «МЮ» жиддий муаммоларга дуч келди. Антони Марсиял майдонда бўлишидан ягона фойда —  Рэшфордга чап қанотдаги севимли позициясида ўйнаш имконини беришдан иборатдек кўринарди. Ҳужумнинг ўнг қанотида эса бразилиялик Антони борлиги умуман сезилмади. Виктор Линделёф танаффус арафасида қарши ҳужумга чиқиб кетган Эдди Нтекиани ортдан чалиб тўхтатиб қолганида уни қизил карточкадан қутқарган ягона нарса, ўнгроқда Лисандро Мартинес ҳам келаётгани эди, акс ҳолда меҳмонлар қолган вақтни бир киши кам бўлиб ўтказишарди.

«Арсенал» ҳам имиллаб ҳаракат қилди — мезбонларнинг узатмаларига кескинлик ва аниқлик етишмасди, айниқса ўндан ортиқ бурчак зарбасидан бирорта кескин вазият яратилмади. Шу билан бирга, бўлим охирида Марсиялнинг зарбасидан кейин Рамсдейл қутқарган ва қайтган тўпга Рэшфорд зарба берганда Уайт тўп йўлига тўғаноқ бўлганидаги эпизодга қарамай, иккинчи бўлим ҳам «Арсенал» назоратида ўтиши сезилиб турарди. Аммо мезбонлар бу устунликни голга айлантириши талаб этиларди.

Ўйиннинг бир соати ўтиб бўлганида Кай Ҳаверц жарима майдонига ёриб кириб, Аарон Ван-Биссака ва Каземиро ўртасида йиқилиб, пеналти ишлади. Бош ҳакам аввалига нуқтани кўрсатди, аммо VAR аралашувидан кейин жазо бекор қилинди — немис ҳужумчи рақиблар унга тегишидан олдин йиқилишни бошлагани маълум бўлди.

Тен Ҳагнинг муаммолари эса фақат ортиб борди: Мартинес Нкетиа билан курашда жароҳат олди ва майдонга Ҳарри Магуайрни туширишга тўғри келди — англиялик ҳимоячи мудофаа марказида Жонни Эванс билан жуфтлик ҳосил қилди. Меҳмонлар учун ягона ижобий лаҳза — 72 миллион фунтга сотиб олинган Расмус Ҳойлунд Марсиял ўрнига ҳужум марказига туширилиши бўлди.

Шиддатли якун — Гарначонинг бекор қилинган голи ва қаҳрамонга айланган Райс

Меҳмонлар тўлиқ ҳимояланиши билан кечган иккинчи бўлим якуни кутилмаган воқеаларга бой бўлди. Алехандро Гарначо жамоага ғалаба келтирганига амин эди — захирадан ўйинга қўшилган вингер 89-дақиқада ҳужумга ўтган Салиба тўп йўқотганидан кейин Бруну Фернандешнинг узатмасига очилди ва бирга бир вазиятдан совуққонлик билан фойдаланиб, тўпни Рамсдейлнинг ёнидан ўтказиб дарвоза тўрига жойлади. Ўтган мавсумда Гарначо «Фулҳэм» билан ўйин охирида гол уриб, Эрик тен Ҳагга «Юнайтед» бошқарувида Лондонда қозонилган ягона ғалабани тақдим этганди. Ўша ғалаба «Эмирейтс»даги ўйин охиридаги воқеалар туфайли ягоналигича қолди.

VAR тизими Гарначо «канонирлар» дарвозаси томон чопаётганида миллиметрлик офсайдга тушиб қолгани ҳақида сигнал берди. Видеотакрор «Арсенал»нинг сўнгги ҳимоячиси Габриэл Магаляэс қорнини ортга тортишга улгурганини кўрсатди — унинг шу ҳаракати жамоани сўнгги дақиқалардаги голдан ва эҳтимол мағлубиятдан сақлаб қолганди.

Гол бекор қилинганидан кейин эса мезбонлар ташаббусни тўлиқ ўз қўлига олди.

«Арсенал» ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг олтинчиси ўтаётганида яна бир бор тўпни бурчакдан киритиш имкониятига эга бўлди ва Деклан Райс узоқ устун томонда ёлғиз қолдирилди. Англиялик таянч яримҳимоячиси тўпга биринчи тегинишда уни ўзига бўйсундирди, кейин эса яқинда захирадан тушган Эванснинг ёнидан ўтказиб зарба берди — бу ҳолатда кичик рикошет Онанага имкон қолдирмади.

Қўшиб берилган дақиқалар ичидаги тўхталишлар ҳисобига ўйин чўзилганида эса «Арсенал» қарши ҳужумдан фойдаланди: захирадан тушган Габриэл Жезус Диогу Далотни бир финт билан газонга ётқизди ва интригага якун ясади — 3:1.

Статистика «Арсенал» ишончли ғалабага ўйнаганини кўрсатади, аммо xG бўйича 2,27 кўрсаткичи (дарвозага берилган зарбаларнинг хавфлилик даражаси ҳисоблаб бориладиган коэффициент )нинг учдан бир қисми Райс ва Жезуснинг қўшимча дақиқаларда урган голларига тўғри келади. Ва барибир «канонирлар» ўйиннинг кўп қисмини «Юнайтед» ҳудудида ўтказди ва анча ҳужумкор салоҳият намойиш этди. Мезбонларнинг рақиб жарима майдони ичида 42 бор тўпга тегинишига қарши «қизил иблислар»да 19 тегиниш. Майдоннинг учинчи қисми ҳудудидаги узатмалар сони бўйича мезбонлар яққол устунликка эришган — 47 га қарши 168.

«Манчестер Юнайтед» бутун ўйин давомида қарши ҳужумларга таяниб, позицион ўйнашга ҳаракат қилмади. Бу тактика ўзини оқламади дейиш қийин. Бу биринчи голда ҳам иш берди, Маркус Рэшфорд анча масофага қочиб кетган ва узоқ бурчакни нишонга олганди. Гарначонинг бекор қилинган голида ҳам меҳмонларни муваффақиятдан сантиметрлар ажратиб қолди.

Меҳмонлар бош мураббийи Эрик тен Ҳаг эса жамоадан ғалабани тортиб олишганига амин: «Гарначонинг бекор қилинган голи? У ерда офсайд йўқ эди, офсайд чизиғини чизишда нотўғри бурчак танланди. Ҳойлунд йиқитилганда пеналти бўлиши керак эди ва биз тўп ўтказиб юборганимизда эса Эвансга нисбатан аниқ қоидабузарлик бўлди [Райс ғалаба голини урганда] — бу гол инобатга олинмаслиги керак эди, яққол қоидабузарлик».

«Арсенал» учун рекорд трансфер бўлган Райс 96-дақиқада урган гол — «канонирлар» ва «қизил иблислар»нинг АПЛдаги қарама-қаршилиги тарихида энг кеч урилган гол бўлди. 89-дақиқада минимал офсайд туфайли ғалабадан маҳрум бўлган «Манчестер Юнайтед» эса гранд жамоаларга қарши сафар ўйинларидаги омадсиз серияни давом эттиради.

«Қизил иблислар» ўтган мавсумдан буён топ-8 жамоаларига қарши сафар ўйинларида ғалабага эришмаган: 2022/23 йиллар мавсумида манкунианликлар бундай етти учрашувдан олтитасида мағлуб бўлган, «Тоттенҳэм» билан ўйинда ягона очкога эга бўлган. Нохуш анъана давом этади — шимолий Лондонга иккинчи сафар (иккинчи турда «шпорлар»дан 0:2 ҳисобида мағлуб бўлинганди) ҳам клуб учун мағлубият билан тугади.

Эмери ҳеч нарса қила олмади

«Ливерпул» – «Астон Вилла» 3:0
Голлар:
1:0 – 3 Собослаи, 2:0 – 22, автогол Кэш, 3:0 – 55 Салоҳ.
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд (Куанса, 71), Матип, Гомес, Робертсон, Собослаи, Мак Аллистер (Эндо, 87), Жонс (Эллиотт, 65), Салоҳ, Диас (Диогу Жота, 65), Нунес (Гакпо, 65).
Астон Вилла – Мартинес, Кэш, Конса, Диего Карлос (Бэйли, 19; Дзаниоло, 65), Пау Торрес, Дин, Макгинн, Камара, Дуглас Луис (Тилеманс, 72), Диаби, Уоткинс (Дуран, 73).

Баҳорда Унаи Эмери «Энфилд»дан ғалаба билан кетишга яқин келганди, ўшанда Роберто Фирмино сўнгги дақиқада «Астон Вилла»ни ғалабадан маҳрум қилганди (1:1). Бу сафар эса бирмингҳемликларда очко олиш учун ҳеч қандай имконият бўлмади, Собослаи илк дақиқаларданоқ мезбонларнинг кайфиятини кўрсатиб берди. У узоқ масофалардан тўпга кутилмаган траекторияда зарба бериб гол уриши билан танилган — дарвозага қайтган Эмилиано Мартинес жойидан қимирлашга улгурмади. Бу тезкор гол бутун ўйин оҳангини белгилаб берди.

Ўйинда ҳисоб ўта йирик бўлиб кетиши ҳам мумкин эди, Салоҳ Нунес учун кетма-кет вазиятлар яратди, уругвайлик ҳужумчи эса бу вазиятларнинг барчасини йўққа чиқарди. Бир сафар тўпни бўш бурчакка кирита олмаганида ўзи ҳам кулиб юборди. Бошқа эпизодларда унинг зарбаларини устун ва тўсинлар ўзига қабул қилди. Аммо унга барибир омад кулиб боқди, унинг зарбасидан кейин тўп устундан қайтганида ортдан келаётган ҳимоячи Кэшга тегиб, дарвоза тўрига бориб тушди.

Якунда Нунес ва Салоҳ шунчаки ўрин алмашиб ҳаракат қилиши тўғри бўлиши маълум бўлди. Улар шундай қилишди, иккинчи бўлимда тўп бурчакдан ошириб берилганида Дарвин баланд сакраб, тўпни олис устун олдига етиб келган мисрлик шеригига ташлаб берди. Салоҳ сўнгги ўн ўйинни гол ёки голли узатмасиз тарк этмаяпти ва бу АПЛда 2021 йилдан буён энг яхши серия ҳисобланади. Ўшанда ҳам бундай серия унинг ўзи томонидан амалга оширилганди, у 15 тур давомида самарали ҳаракат қилганди.

Испания: Мадриддаги бўрон

Ла лигада тур дастури ноқулай об-ҳаво туфайли қисқарди. Мадридда шторм ва сўнгги ярим асрдаги энг кучли ёғингарчилик прогноз қилинганди, шу туфайли дам олиш кунларида лиганинг энг шиддатли баҳси бўлиши кутилган «Атлетико» ва «Севиля» тўқнашуви кейинга қолдирилди.

«Осасуна» – «Барселона» 1:2
Голлар:
0:1 – 45 Кунде, 1:1 – 76 Чими Авила, 1:2 – 85, пеналти Левандовски.
Осасуна – Фернандес, Аресо (Видаль, 80), Катена, Эррандо, Хуан Крус, Рубен Гарсия (Барха, 61), Орос, Мунйос, Ибанес (Монкайола, 72), Раул Гарсия (Будимир, 62), Арнаис (Чими Авила, 62).
Барселона – тер Стеген, Сержи Роберто (Жоау Канселу, 59), Кристенсен (Мартинес, 90), Кунде, Балде, Гундўған, Ромеу (Жоау Феликс, 80), де Йонг, Гави, Ямал (Ф.Торрес, 59), Левандовски (Рафиня, 90).
Четлатиш: Катена (84).

«Осасуна»га қарши сафар ўйинлари — доимо «Барселона» учун жиддий синов бўлиб келган, шу туфайли Хави таваккал қилишни истамади ва жамоанинг янги футболчилари Жоау Феликс ҳамда Жоау Канселуни захирада қолдирди. Қолаверса, бу футболчилар ҳали бошланғич таркиб учун муносиб эканини исботлаши ҳам керак, таркиб эса қатор истеъдодлар билан тўла. Бу мавсумда порлаётган Ямалдан ташқари якшанба куни кўк-анорранглилар футболкасидаги юбилей 100-ўйинида майдонга тушган Гави каби тажриба тўплаб улгурган ёшлар ҳам бор. Бу футболчининг уникаллигини рақамлар ҳам тасдиқлайди, у топ-5 лигаларда 2004 йилда туғилган футболчилар орасида бундай юбилей нуқтага етган илк футболчига айланди, шунингдек, клуб тарихида бу ишни уддалаган энг ёш футболчига айланди - 19 ёшу 29 кунлик. Бунгача бу рекорд Боян Кркичга тегишли эди (19 ёш 85 кун).

Ўйин эса кутилганидек кескин руҳда кечди. Амалдаги чемпионлар памплоналиклар дарвозасини фақат биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқалардагина ишғол этишга эришди - Кунде Гундўғаннинг бурчакдан узатган тўпига бош билан зарба берди. Бу вазиятда француз ҳимоячи сакраётганида рақибни енгил туртиб юборди ва у газонга қулаб, юзини ушлаганча думалай бошлади. Аммо Ибанеснинг бу ҳаракатлари VAR даврида бефойда эди.

«Осасуна» охиригача курашди. Мудофаада ҳам -  Левандовскининг зарбасини дарвозабон чизиқ устида тўхтатди - ҳужумда ҳам. Майдон эгаларида гол уриш учун биринчи бўлимда ҳам вазиятлар бўлганди, якунда бу ишни Авиле уддалади, Тер Штеген унинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбасига томошабин бўлиб қолди. Шундан кейингина Хави Ориол Ромеу ўрнига Феликсни туширди. Кўп ўтмай Левандовски рақиб билан контактдан кейин йиқилиб, пеналти ишлади.

Бош ҳакам мониторга яқинлашганидан кейин ҳам қарорини ўзгартирмади, Левандовски эса имкониятдан фойдаланди. Бу 11 метрлик зарбаси ҳали яна муҳокама қилиниши аниқ, қолаверса, ўйин охирида Иниго Мартинес жарима майдонига киришда «Осасуна» футболчисини ушлаб қолганида мезбонлар фойдасига қарор чиқарилмади. Ҳа, у қўлини тезда тортиб олди, аммо бу ҳолатдан кейин ҳакамларнинг грандларга симпатия билдириши ҳақидаги назария тарафдорлари янада кўпайди.

Ла лига турнир жадвалида 4-турдан кейинги вазият: Кутилмаганда «Жирона» кучли тўртликда бормоқда.

Италия: Тюрамлар оиласи вакили яна А серияда гол ура бошлади

«Интер» – «Фиорентина» 4:0
Голлар:
1:0 – 23 Тюрам, 2:0 – 53 Мартинес, 3:0 – 58, пеналти Чалханўғли, 4:0 – 73 Мартинес.
Интер – Зоммер, Думфрис (Куадрадо, 70), Дармиан, де Врей, Бастони, Димарко (Карлос Аугусто, 70), Мхитарян, Чалхонўғли (Аслани, 78), Барелла (Фраттези, 59), Тюрам (Арнаутович, 70), Мартинес.
Фиорентина – Кристенсен, Додо, Миленкович, Раниери, Бираги, Бонавентура (Брекало, 55), Мандрагора, Артур (Аматуччи, 75), Гонсалес (Инфантино, 55), Куаме (Соттиль, 46), Белтран (Нзола, 46).

«Интер» том маънода «Фиорентина» мудофаасини пароканда қилиб юборди, флоренцияликлар барча куч ва ҳиссиётларини еврокубок ўйинида қолдиргани сезилиб қолди, жамоа ўтган турда драматик тарзда Конференциялар лигаси турнирининг гуруҳ босқичига йўлланма олганди. Миланликлар аввалига чап қанотдан ҳужум қилишга эътибор қаратди ва Димарконинг навбатдаги узатмаси ҳисобни очишга ёрдам берди. Бу ҳужум рақиб тор-мор этилишини бошлаб бериш билан бирга Тюрамнинг бенефисига сабаб бўлди. Маркус А Сериядаги голлари ҳисобини ўзининг таниқли отаси Лилиан Тюрамнинг охирги голидан 7602 кун ўтиб очди, кейин эса Лаутаро Мартинесга ассистентлик қилди ва пеналти ҳам ишлади. Умуман олганда, у «нерадзуррилар» мавсумни уч қуруқ ғалаба билан бошлашида ўз ҳиссасини қўшди (уч ўйинда жами 7:0).

«Эмполи» – «Ювентус» 0:2
Голлар:
0:1 – 24 Данило, 0:2 – 82 Киеза.
Аниқ ижро этилмаган пеналти: 39, Влаҳович
Эмполи – Бериша, Берешински, Луперто, Валюкевич, Пеццелла, Марин (Коваленко, 72), Мале, Фаццини (Грасси, 61), Балданци (Канчелиери, 61), Камбияги (Жаси, 83), Капуто (Дестро, 72).
Ювентус – Перин, Данило, Бремер, Гатти, Маккенни (Веа, 84), Костич (Камбиязо, 71), Рабио, Локателли, Миретти (Погба, 62), Киеза (Кин, 83), Влаҳович (Милик, 71).

Чемпионат аутсайдери «Эмполи» нафақат «Ювентус»ни, балки бутун Италияни ҳайратга солиб, стартдаги уч турда уч дарвозабон билан ўйнади. Майдон эгаларининг янги аъзоси Бериша эса ўйин стартида, бурчакдан тўп узатилган вазиятда гол ўтказиб юборганди, аммо арбитр бу вазиятда меҳмонлар сардори Данило дарвозабонга халал берганини қайд этиб, голни бекор қилди. Бразилиялик ҳимоячи эса унинг қарорини киноя билан қаршилади ва биринчи бўлим ўрталарида яна бир бор бурчак зарбаси амалга оширилганда рақиб жарима майдони ичидаги тартибсизликдан фойдаланиб, ҳисобни очди. Умуман олганда, мезбонлар биринчи бўлимда йирик ҳисобда ортда қолиши ҳам мумкин эди, аммо Бериша Влаҳовичнинг 11 метрлик нуқтадан йўллаган зарбасини қайтарди.

Фақат бу натижага таъсир қилмади, шу куни туринликларнинг бошқа форвардлари самаралироқ бўлишди. «Эмполи» футболчилари ҳужумга ўтиб кетганида, тўпга эга чиққан Милик шундай пас бердики, Киеза жарима майдонини тарк этиб чиқиб келган дарвозабонни алдаб ўтди ва бўш қолган дарвозани ишғол этди. Бу вақтда «кекса синиора» одатдаги каби 1:0 ҳисобидаги устунликни сақлаш учун ўйнаётганди. Массимилиано Аллегри шогирдлари йил бошидан буён саккиз ўйинда дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолган, бу топ-5 лигаларда «Лацио» билан биргаликдаги энг яхши натижа.

Германия: Берлин учун шок

«Унион» – «РБ Лейпциг» 0:3
Голлар:
0:1 – 51 Симонс, 0:2 – 85 Шешко, 0:3 – 87 Шешко.
Унион – Реннов, Юранович (Триммел, 71), Кноҳе, Диогу Лейте, Дуки, Гозенс (Кауфманн, 86), Крал, Лайдуни (Ҳаберер, 71), Фолланд, Беренс (Руссийон, 86), Фофана (Ҳоллербаҳ, 61).
РБ Лейпциг – Бласвих, Ҳенриҳс (Лукеба, 88), Орбан, Симакан (Клостерманн, 67), Раум, Кампл, Шлагер, Ольмо, Симонс (Форсберг, 88), Поулсен (Шешко, 75), Опенда (Баумгартнер, 75).
Четлатиш: Фолланд (64, У).

Турнинг марказий ўйинида мавсумни ўта кучли бошлаган «Унион» «Лейпциг»нинг тизимли ўйини қурбони бўлиб, «Байер» ва «Бавария»га етиб олиш имконини бой берди. Дастлабки икки турда саккиз гол урган берлинликлар бу ўйинда бирорта гол ура олмади, иккинчи бўлим бошида эса Чави Симонснинг юқори бурчакка аниқ йўллаган зарбасини қабул қилиб олишди. Гап фақат меҳмонлар устози Марко Розенинг тўғри таркиб ва тактика танлаганида эмас, балки мезбонлар устози Урс Фишер кадрлар муаммосини охиригача ҳал қила олмаганида бўлди.

«Унион» лазарети ҳозирда тўлган, беморлар орасида тўпурар ҳимоячи Дуки ва ўтган мавсумнинг энг ёрқин футболчиларидан бири Беккер ҳам бор. Ўтказиб юборилган голдан кўп ўтмай майдон марказидаги фол учун Фолланд қизил карточка олди. Кўпчилик бўлиб олган «Лейпциг» эса «Залцбург»дан олиб келинган форвард Шешконинг ҳаракатлари билан ҳисобни йирик кўринишга келтирди. 20 ёшли словениялик аввалига ўзи рақиб мудофааси қаршилигини енгиб дарвозани ишғол этди, кейин эса Дани Олмонинг доҳиёна пасидан кейин боши билан гол урди.

Франция: парижликлар қудрати

«Лион» – «ПСЖ» 1:4
Голлар:
0:1 – 4, пеналти Мбаппе, 0:2 – 20 Ҳакими, 0:3 – 38 Асенсио, 0:4 – 45 Мбаппе, 1:4 – 74, пеналти Толиссо.
Лион – Антони Лопеш, Мата, Чалета-Цар, Диоманде, Таляфико, Толиссо (Лепенан, 80), Мэйтленд-Найлз, Какре, Шерки (Алверо, 76), Кадевере (Балде, 46), Нуама (Жеффинио, 76).
ПСЖ – Доннарумма, Ҳакими, Маркинос, Шкриняр, Эрнандес, Угарте (Руис, 75), Витиня, Заир-Эмери, Дембеле (Барколя, 75), Асенсио (Рамуш, 75), Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Толиссо (3), Эрнандес (48), Мэйтленд-Найлз (58), Заир-Эмери (73).

Мавсум стартидаги ўйинларда фойдасиз тўп назорати учун танқидга учраган «ПСЖ» биринчи ғалабадан кейин яна ёрқин ўйин намойиш эта бошлади. Парижликлар «Лион» мудофаасини том маънода парчалаб ташлади. Тезда пеналти ишланди, кейин иккинчи гол урилди, Мбаппе Дембеленинг қанотдан узатмасига ета олмаганди, аммо ҳужум Ҳакимининг голи билан якунланди. Чемпионлар том маънода майдонда ҳукмронлик қилишди, товон орқали берилган узатмалар билан рақибни ёш бола қилишди ва ҳужумлардан яна бири Ҳакимининг кучли зарбаси дарвоза тўсинига тегиши билан якунланди.

«Лион» майдон эгаси кимлигини эслаб қолган паллалар ҳам бўлди, аммо Доннарумма ўз ишини тўғри бажарди, бўлим охирига бориб эса Асенсио ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Испаниялик яримҳимоячи аввалига ўзи гол урди, кейин Мбаппега ассистентлик қилди. Моҳиятан биринчи бўлимдан кейин ўйинни тўхтатса ҳам бўларди. Танаффусга қадар 0:4 — «Лион»да бундай ҳолат 1966 йилдан буён кузатилмаганди. Иккинчи бўлимда эса ўз тарихидаги энг ёмон стартни қайд этаётган мезбонлар (4 ўйинда 1 очко) янада камситилди, Луис Энрике трансферлар ойнасининг сўнгги кунларида «Лион»дан сотиб олинган Барколани майдонга чиқарди.

Кун статистикаси

  • Рэшфорд ван Персидан кейин «МЮ»нинг «Арсенал»га қаторасида 3 ўйинда гол урган иккинчи футболчиси бўлди.
  • Бундеслига тарихида иккинчи бор 3-турда юздан ортиқ гол урилди. Бундай самарадорлик охирги бор 1984/85 йиллар мавсумида кузатилганди.
  • «Аякс»да бир ўйинда 5 нафар янги футболчи тушди, бунақаси охирги бор 2007 йилда рўй берган.
  • «Арсенал» 2023 йилда 7 бор дарвоза соҳасига аниқ борган биринчи зарбадан кейиноқ гол ўтказиб юборди.
  • «Залцбург» 17 ўйиндирки «Рапид»га ютқазмаяпти. Австрия бундеслигасида бирор клуб веналиклар учун бундай муаммо туғдирмаган.
  • 95:43 — «Арсенал» ва «МЮ» қарама-қаршилигида энг кеч урилган гол вақти.
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид