Жаҳон | 13:03 / 07.09.2023
23938
5 дақиқада ўқилади

Пентагон Украинага кучсизлантирилган уранли снарядлар етказиб беради. Улар қанчалик хавфли?

АҚШ мудофаа вазирлиги Украинага навбатдаги ёрдам пакети тақдим этилишини эълон қилди. Бошқа нарсалар қаторида, бу пакетга Американинг Abrams танклари учун мўлжалланган кучсизлантирилган уранли снарядлар ҳам киради.

Фото: AFP

Бу билан бир вақтда, 6 сентябр куни Киевга келган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украинага умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган янги ёрдам пакетини эълон қилди. Ушбу ёрдам Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини қўллаб-қувватлашни ҳам ўз ичига олади.

Блинкеннинг айтишича, АҚШ кўмаги Украинанинг қарши ҳужумига ёрдам бериши лозим.

«Сўнгги бир неча ҳафта давомида Украина қуролли кучларининг давом этаётган қарши ҳужумидаги олдинга силжиш тезлашди. Ушбу янги пакет унинг суръатини сақлаб қолишга ёрдам беради ва уни янада кўпроқ дастаклайди», деган АҚШ Давлат котиби Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида.

Украинага Американинг кучсизлантирилган уранли снарядлари етказиб бериш ҳақидаги маълумот Пентагон расмий сайтидаги пресс-релизда тасдиқланган. Ушбу снарядлар АҚШ ҳарбий ёрдамининг 175 миллион доллар миқдоридаги навбатдаги транши доирасида юборилади.

Ёрдам, жумладан, HIMARS ракета тизимлари учун қўшимча ўқ-дорилар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун жиҳозлар, Javelin ва танкга қарши AT-4 тизимлари, шунингдек, Abrams танклари учун кучсизлантирилган уранли 120 миллиметрлик танк снарядларини ўз ичига олади.

2023 йил март ойида Буюк Британия мудофаа вазирлиги Украинага Британиянинг Challenger 2 танклари учун таркибида кучсизлантирилган уран бўлган ўқ-дорилар юборишини тасдиқлаган эди.

Бу баёнот Россия расмийлари, жумладан, президент Владимир Путиннинг ўта кескин реакциясига сабаб бўлганди. Путин Буюк Британиянинг Украинага кучсизлантирилган уранли снарядлар етказиб бериш қарорини Россиянинг Беларусга тактик ядро қуролини жойлаштиришига сабаб деб атади.

Шу билан бирга, BBC нашри аввалроқ украиналик ва россиялик қурол-яроғ бўйича экспертларга таяниб, бойитилган уранли ўқ-дорилар Россияда анчадан бери ишлаб чиқарилишини ёзганди.

Кучсизлантирилган уран нима?

Кучсизлантирилган уран — бойитилган уран ишлаб чиқаришда пайдо бўлувчи иккиламчи маҳсулотдир.

У ўзининг юқори зичлиги ва мустаҳкамлиги билан ажралиб туради ва шу фазилатлари туфайли ҳарбий техника учун зирҳ ишлаб чиқаришда ҳам, ўқ-дорилар ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланилади. Зирҳ тешувчи снарядлар ядроси асосан кучсизлантирилган урандан ташкил топади.

Кучсизлантирилган уран, гарчи заҳарли ва канцероген (касаллик қўзғовчи) ҳисобланса-да, юқори радиоактивликка эга бўлмайди.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик кучсизлантирилган уран табиий уранга қараганда анча кам радиоактив эканини тасдиқлаган.

Агентлик маълумотларига кўра, кучсизлантирилган уран зарбаси таъсирига тушган ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғини ўрганиш шуни тасдиқлайдики, унинг таъсири ходимларнинг ўлим даражаси статистик жиҳатдан сезиларли ўсишига олиб келмайди.

Таҳлил: нега кучсизлантирилган уранли снарядлар урушдаги энг катта экологик хавф эмас?

BBC нашрининг ҳарбий мухбири Павел Аксенов:

2023 йил март ойида кучсизлантирилган уранли снарядлар етказиб бериш ҳақидаги ваъданинг ўзи Россияга тактик ядро қуролларни Беларусга олиб ўтиш учун баҳона бўлди. Ўшанда Владимир Путин бу снарядлар, улар нишонга тегиши натижасида ҳосил қилувчи «радиацион чанг» туфайли хавфли эканини айтганди.

Бироқ, бу реакция яққол ортиқча эди: ядровий қурол, чекланган қувватга эга бўлса ҳам, танк снарядларининг уранли ядроларидан фарқли равишда, барибир ҳақиқий ядровий қуролдир.

Фото: Getty Images

Кучсизлантирилган уран ҳақиқатан ҳам радиоактив модда, аммо ундан фойдаланиш халқаро миқёсда тақиқланадиган даражада хавфли эмас. Кучсизлантирилган уранли ядрога эга субкалибрли ракеталар ҳеч қандай конвенция билан тақиқланмаган.

БМТ Атроф-муҳит дастурининг 2022 йилдаги ҳисоботида турли касалликларнинг ривожланиш хавфи туфайли Украинада кучсизлантирилган уранли ўқ-дориларидан фойдаланиш эҳтимолидан хавотир билдирилган. Аммо худди шу ҳисоботда айтилишича, модда аслида радиологик эмас, балки кимёвий фаоллик туфайли хавфлироқдир.

Кучсизлантирилган уран, кимёвий агрессивлиги даражасида радиоактив эмаслиги факти, уни жанговар ҳаракатларда қўллаш учун жуда заиф далилдир.

Аммо уруш — нафақат мажозий маънода, балки том маънода ҳам ифлос иш. Ва кучсизлантирилган урандан ясалган снаряд ядролари урушдаги ягона ва эҳтимол, энг катта экологик хавф эмас.

Масалан, Россия Украинага қарши қўллаётган, ҳаводан учирилувчи Х-22 қанотли ракетаси жуда заҳарли АК-27И оксидловчиси билан тўлдирилади. У ҳатто ушбу ракеталарга хизмат кўрсатувчи Россия ҳаво базалари ходимлари учун ҳам ҳалокатли хавф туғдиради.

Аммо Россия армияси паст аниқлиги ва икки компонентли ёнилғининг ўта заҳарлигига қарамай, ушбу ракетани ишлатишдан воз кечмаяпти.

Ҳамма гап самарадорликда. Ушбу ракетани уриб тушириш жуда қийин ва унинг жанговар каллаги катта қувватга эга.

Худди шундай, кучсизлантирилган уранли субкалибрли снарядлар шу қадар юқори зирҳ тешувчилик қобилиятига эгаки, ҳарбийлар улардан фойдаланишдан воз кечиши даргумон, айниқса уларнинг зарари яхши ўрганилмаган бўлса.

Муҳаммадқодир Собиров
Тайёрлаган Муҳаммадқодир Собиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид