Жаҳон | 10:03 / 07.09.2023
3628
2 дақиқада ўқилади

Швейцария парламентарийлари ҳукуматдан жосусларни чиқариб юборишни талаб қилди

Дахлсизлик мақомига эга бўлган ва тақиқланган разведка фаолияти билан шуғулланадиган чет эллик шахслар Швейцариянинг ички ёки ташқи хавфсизлигига таҳдид солади, деб ҳисоблайди парламент қўмитаси.

Фото: picture alliance/prisma/C. Sonderegger

Швейцария Федерал Кенгаши (ҳукумати) доимий равишда Россия ва бошқа ердан бўлган хорижий жосусларни мамлакатдан чиқариб юбориши керак. Бундай қарор 5 сентябр, сешанба куни конфедерация Миллий кенгаши (парламентнинг катта палатаси) ташқи ишлар қўмитаси томонидан қабул қилинди, деб ёзади Швейцариянинг Swissinfo.ch интернет нашри.

Қайд этилишича, қўмита ташаббуси ҳали парламент катта палатасининг ўзи, шунингдек, кичик палата (Кантонлар кенгаши) томонидан маъқулланиши керак. Агар таклиф қабул қилинса, ҳукумат тақиқланган разведка фаолияти билан шуғулланиб, Швейцариянинг ички ёки ташқи хавфсизлигига, шунингдек, ушбу давлатнинг ролига таҳдид соладиган дипломатик ва бошқа дахлсизлик мақомига эга бўлган барча хорижликларни мамлакатдан чиқариб юборишга мажбур бўлади.

Швейцария мамлакатда ўнлаб россиялик жосуслар борлигини истисно этмади

Швейцария разведка хизматларига кўра, ўнлаб россиялик жосуслар мамлакатда дипломат ниқоби остида ишлаётган бўлиши мумкин. «Россиянинг Женева ва Берндаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналарида дипломатик, техник ёки маъмурий ходимлар сифатида аккредитация қилинган 220 га яқин кишининг камида учдан бир қисми ҳали ҳам Россия разведка хизматларида ишлаши мумкин», дейилади июн ойида нашр этилган давлат хавфсизлиги бўйича йиллик ҳисоботда.

Ҳужжатда айтилишича, Хитойдан келган «ўнлаб разведка ходимлари» ҳам Швейцарияда дипломатик ёки консуллик ҳимояси остида ишлайди. Бироқ, Хитойда бундай зобитлар Россияга қараганда анча кам, деб ҳисоблайди Швейцария контрразведкаси. 

Мавзуга оид